English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифаларга мансуб саноат корхоналари рағбатлантирилади
10:02 / 2026-03-04

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳаракатларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифаларга мансуб саноат корхоналари қуйидаги ҳолларда рағбатлантирилади: 

а) атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторинги станцияларини ўрнатган саноат корхоналарига: 

табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловлари бўйича шаклланган қарздорликдан воз кечилади; 

табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган икки йиллик компенсация тўловларининг 50 фоизи саноат корхоналарига қайтарилади; 

б) фон мониторинги станцияларини ўрнатган саноат корхоналари келгуси бир йил давомида чанг-газ тозалаш ускунаси ва локал сув тозалаш ускунасини ўрнатганда, табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган икки йиллик компенсация тўловларининг 70 фоизи саноат корхоналарига қайтарилади; 

в) табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг тегишли қисми Экология қўмитасининг ЯИДХП орқали келиб тушган хулосасига асосан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг ахборот тизими орқали саноат корхонасига икки йил давомида тенг улушларда саноат корхонасининг тижорат банкидаги ҳисобварағига автоматлаштирилган тарзда қайтарилади. 

Қарорда Ўзбекистан Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Экология қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган, ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатига атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқишини таҳлил қилувчи автоматик мониторинг станциялари, чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал оқова сув тозалаш иншоотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган технологик асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни киритиш бўйича Вазирлар Махкамасига таклифлар тақдим этиши белгиланган. 

Икки ой муддатда: 

ушбу қарор билан белгиланаётган саноат корхоналарининг атроф табиий муҳитга таъсирини камайтириш ҳаракатларини рағбатлантириш учун белгиланган имтиёзларни тақдим этиш юзасидан мурожаатларни электрон шаклда қабул қилиш, табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг тегишли фоиздаги қисми саноат корхоналарига қайтарилиши бўйича ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинади; 

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиби жорий этилади. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармонига мувофиқ атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифаларга мансуб корхоналарнинг экологик ишлаб чиқаришга ўтишдаги ҳаракатларини рағбатлантириш мақсадида: 

а) биринчи босқичда - атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторинги станцияларини ўрнатган корхоналарга: 

табиатга зарар етказиш бўйича компенсация тўловларидан шаклланган қарздорликдан воз кечиш; 

табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 50 фоизигача бўлган қисмини икки йил давомида қайтариш; 

б) иккинчи босқичда - мониторинг станцияларини ўрнатган корхона келгуси бир йил давомида чанг-газ ва локал сув тозалаш ускуналарини ўрнатганда, табиатга зарар етказиш бўйича республика бюджетига йўналтириладиган компенсация тўловларининг 70 фоизигача бўлган қисмини икки йил давомида қайтариш; 

в) юқорида назарда тутилган имтиёзларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интеракгив давлат хизматлари портали орқали Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан бериладиган хулоса асосида тақдим этиш белгиланган эди.

ЎзА