Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Атроф-муҳитга масъулият билан муносабатда бўлиш талаб этилади
16:00 / 2025-07-07

Чиқиндиларни ноқонуний жойга ташлаб кетиш жамият ва атроф-муҳит учун жиддий муаммо бўлиб, бу каби муаммолар аҳолининг экологик маданияти етарли эмаслиги, чиқинди йиғиш тизимининг яхши йўлга қўйилмагани, махсус контейнерлар етишмаслиги оқибатида содир бўлиши мумкин.

Ноқонуний чиқинди ташлаш оқибатида атроф-муҳит ифлосланади, сув ва ҳаво сифати пасайиб боради, хавфли инфекциялар ва ҳашаротлар кўпаяди, қишлоқ хўжалиги ерларига зарар етади. Туризм ва шаҳар эстетикаси бузилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, республикада 250 та онлайн кузатув камераси ўрнатилган бўлиб, улар экологик ҳуқуқбузарликлар, хусусан, қаттиқ маиший, қурилиш ва суюқ чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларга ноқонуний ташлаш билан боғлиқ ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш имконини беради. Видеокузатув тизими чиқинди энг кўп ташланадиган жойлар, жумладан, аҳоли пунктларининг чекка ҳудудлари, рухсат этилмаган полигонлар, қирғоқбўйи ва жамоат жойларини қамраб олади.

Кузатувлар натижасида 2025 йилнинг биринчи ярмида чиқиндиларни ноқонуний жойларга ташлаш билан боғлиқ 15 мингга яқин ҳуқуқбузарлик аниқланган. Онлайн кузатув камералари ёрдамида белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ 5 минг 215 та ҳолат қайд этилган.

Энг кўп ҳуқуқбузарликлар Наманган (1563 та), Андижон (1443 та) ва Фарғона вилоятида (1163 та ҳолат) кузатилган.

Ҳуқуқбузарликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси 1-қисмига кўра республика бўйича жами 14 минг 728 та маъмурий баённомалар тузилган. Жарималарнинг умумий миқдори 7,9 миллиард сўмни ташкил этиб, шундан 3,3 миллиард сўми белгиланган тартибда ундириб олинган.

Чиқиндиларни фақат махсус белгиланган жойларга ташлаш лозим. Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан мамлакатимиз мусаффолиги, экологик фаровонлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш мумкин.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА