Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгашида "Атроф-муҳитни муҳофаза қилишда рақамли технологиялар ва киберхавфсизлик масалалари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда "Киберхавфсизлик маркази" бўлим мутахассиси Бахтиёр Собиров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бош илмий ходими Амириддин Анорбоев ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ва улардан ҳимояланиш йўллари, соҳанинг ҳуқуқий асослари, бу борадаги жиноятлар учун жавобгарлик кабилар ҳақида тушунтиришлар бериб ўтди.

Партия раҳбари Абдушукур Ҳамзаев сўнгги йилларда рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча соҳаларига жадал кириб келгани, рақамлаштириш иш жараёнларини тезлаштириб, шаффофликни ошириб, қулайлик яратаётганини таъкидлади:

- Бироқ, бу жараённинг иккинчи томони ҳам бор, рақамли муҳит кенгайган сари киберхавфлар ҳам ортиб бормоқда. Рақамли технологиялар тараққиёт ва қулайлик манбаи бўлса, киберхавфсизлик шу тараққиётнинг кафолати ҳисобланади. Шу боис, хавфсизлик масаласига жиддий эътибор қаратишда бу каби давра суҳбатлари жуда муҳим, - деди партия раҳбари.

Виртуал олам, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлардан ҳимояланиш борасида ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда рақамли технологияларнинг аҳамияти ва бу жараёнда ҳам хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар илгари сурилди.
М.Комилова, ЎзА