Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Атроф-муҳит муҳофазаси: амалиёт, масъулият ва бурч
10:13 / 2022-05-18

Она табиатни асраб-авайлаш, атроф-муҳит муҳофазаси, айниқса, илм-фан, техника, саноат кундан кунга ривожланиб бораётган бугунги кунда жамиятимиздаги энг долзарб масалалардан бирига айланган.

Аҳоли саломатлиги, халқимиз турмуш фаровонлиги, озиқ-овқат таъминоти кўп жиҳатдан она табиатимиз, унинг муҳофазаси, ер ҳамда табиат неъматларидан самарали фойдаланиш билан бевосита боғлиқ. Шу боис ҳам мамлакатимизда, хусусан, Андижон вилоятида она табиат ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

– Она табиатни асраб-авайлаш ҳар бир кишининг фуқаролик, инсонийлик бурчи, вазифаси ҳисобланади, – дейди Андижон вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи А. Акбаров. – Жумладан, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини, атмосфера ҳавосини, сув, ер ресурслари, ер усти ва ости бойликларини муҳофаза қилиш, улардан самарали фойдаланиш бўйича қабул қилинган қонунлар, Президент, ҳукумат фармон ва қарорлари, соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатлари ижроси доирасида зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Биргина жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда мазкур йўналишда ҳуқуқбузарлик содир этган 882 нафар фуқарога нисбатан 400 миллион 835 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди. 

Бошқарманинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияси ва бошқа бўлимлари мутахассислари ҳамкорлигида жорий йилнинг дастлабки уч ой давомида 50 дан ортиқ рейд ва ўрганиш тадбирлари ўтказилди. Дарахтларни ноқонуний кесилиши, ихотафауна ресурсларини овлаш ҳолатларининг олдини олиш, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш бўйича ўтказилган назорат тадбирлари давомида 66 та ноқонуний ҳолат аниқланди. Қонунбузарлик ҳолатлари содир этган ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Биргина ўсимлик дунёсига етказилган зарар бўйича умумий қиймати 11 миллион 878 минг сўм миқдоридаги 24 та даъво жаримаси қўлланилиб, шундан 6 миллион 183 минг сўми ундирилди. Жариманинг қолган қисмини ундириш бўйича мутасадди идораларга хат ва тақдимномалар юборилди. Шунингдек, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бўйича 4 та, ноқонуний балиқ овлаш бўйича 2 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 8 миллион 100 минг сўм маъмурий жарима қўлланилган. 

Ўтказилган тунги рейдлар давомида номаълум шахслар томонидан қўйиб кетилган 4 дона узунлиги 40 метрли тўр ва 6 дона кичик ҳажмли тўрлар йиғиштириб олинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги “Табиатдан фойдаланиш соҳасида Давлат хизматларини кўрсаткичнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори асосида ташкил этилган “Давлат хизматлари кўрсатиш маркази” томонидан ўрмон фондига кирмайдиган 704 дона манзарали ва мевали дарахтларни кесиш, бошқа жойга кўчириш, буташ, шакл бериш бўйича қилинган 33 та мурожаатга тегишли хулосалар берилган. “Яшил йиллик” лойиҳаси доирасида жорий йилнинг баҳор мавсумида жами 9 миллион 635 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари экилиши режалаштирилган бўлиб, амалда қарийб 10 миллион тупга яқин дарахт ва бута кўчатлари экилди. 

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, вилоятда турли тоифаларга кирувчи 763 та корхона ва ташкилотга тегишли 20 минг 696 та манба бўлиб, улар доимий назорат қилиб борилади. Вилоят бўйича 27 та корхонадаги манбаларнинг 288 таси чанг-газ тозалаш ускунаси билан таъминлаган.

Президентимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тўғрисида” ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси бўйича Булоқбоши туманида “Рашк Милк” МЧЖ томонидан барпо этилган цемент ишлаб чиқариш корхонасига 2 та чанг-газ тозалаш ускунаси ўрнатилди, умуман, корхонада атмосферага чанг-газ чиқишининг олдини олиш бўйича автоматлаштирилган тизим жорий этилди. Худди шундай ускуналар “Asia Elegant Star”, “Эверест метал фаворит” масъулияти чекланган жамиятларига қарашли йирик саноат корхоналарида ҳам ўрнатилиб, улар тегишли тартибда синовдан ўтказилди. Умуман, жорий йил биринчи чорагида атмосфера ҳавосини назорат қилиш бўйича 247 та ҳуқуқбузарга нисбатан 51 миллион 200 минг сўм маъмурий жарима қўлланилган. 

[gallery-7138]

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ижроси доирасида вилоятнинг барча шаҳар, туман ҳокимликлари томонидан ишчи гуруҳлар тузилиб, ободонлаштириш объектларининг суғориш тизими, шу жумладан, ариқлар, насослар, қудуқлар, суғориш қувурлари ва ер ости сув чиқариш қудуқларини ҳатловдан ўтказиш, уларни жорий таъмирлаш, қайта тиклаш ва тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар 962 километр ариқ тозаланди, 20 та насос ва 38 километр узунликдаги суғориш қувури таъмирланди, 7 та янги насослар ўрнатилди. Бундан ташқари, ишчи гуруҳлар томонидан маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан биргаликда маҳаллабай тизимида иш ташкил қилиниб, вилоятнинг 882 та маҳалласи ҳудудидаги суғориш тизимлари тўлиқ хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан вилоятдаги 19 та саноат корхонаси билан ҳамкорликда оқова сув тозалаш иншоотларини реконструкция ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Андижон вилоятидаги дарё ўзанларини тозалаш, қирғоқларини мустаҳкамлаш, муҳофаза ҳудудида ноқонуний норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва ер ости сувларидан фойдаланиш ҳолатларини ўрганиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этилган Ишчи гуруҳлар томонидан Қорадарё дарёси, Тентаксой, Майлисой, Шаҳрихонсой, Аравонсой ва бошқа мавжуд очиқ сув ҳавзаларида ўрганишлар олиб борилмоқда. Ўрганишлар давомида 12 нафар шахс очиқ сув ҳавзаларидан ноқонуний равишда шағал, қум қазиб олаётганлиги аниқланди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан 71 миллион 550 минг сўм миқдорида жарималар қўлланилди. 

Бошқарма томонидан табиат, атроф-муҳит ва экологияни муҳофаза қилиш борасидаги ишлар, айниқса, тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ўтказилаётган тарғибот тадбирлари, мулоқот ва давра суҳбатларида аҳолининг бу борадаги билим, тушунча ва саводхонлиги янада юксалтирилмоқда. Босма ва электрон ОАВ орқали чиқишлар, аҳоли гавжум бўладиган масканлар, жумладан, бозорлар, вокзал, савдо мажмуаларида радио орқали олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари ижобий самара бермоқда.

Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА