Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида ФВВ Академияси томонидан атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишлаб “Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодий фаолияти” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Академия курсантларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ижодий фаолияти, илмий ва маънавий-маърифий меросини ўрганиш орқали ҳарбий хизматчилар билимини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирни Академия бошлиғи Музаффаржон Мамасиддиқов очиб берди.

У бугунги кунда Янги Ўзбекистонда аждодларимизнинг бебаҳо илмий-маърифий мероси, хусусан, жадид боболаримизнинг миллий истиқлол ва маърифатпарварлик йўлида кўрсатган беқиёс жасоратини янада чуқур ўрганиш бўйича кўплаб имкониятлар яратилиб, илмий-тадқиқот ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда Маҳмудхўжа Беҳбудий – буюк маърифатпарвар, ёзувчи, публицист, драматург ва жамоат арбоби, Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси экани, жадид мактаблари фаолиятини йўлга қўйгани ҳамда шу мактаблар учун “Рисолаи асбоби савод”, “Рисолаи жуғрофияи умроний”, “Рисолаи жуғрофияий Русий”, “Китобат ул-атфол”, “Амалиёти ислом”, “Тарихи ислом” номли кўплаб китоблар ёзгани қайд этилди.

Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Илмий-амалий анжуман савол-жавоб ва мунозараларга бой тарзда ўтди. Курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА