Муҳаммад Исмоил – самимий адиб, қалб кечинмаларини бетакрор тарзда ифода этувчи шоир. Унинг ижодидан баҳраманд бўлган китобхон ўзлигига назар ташлайди.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Муҳаммад Исмоилнинг “Ijod nashr” нашриётида чоп этилган “Бошимдаги тожим онам” ҳамда шоир ижоди ҳақида замондошларининг фикрлари жамланган “Қаторда норинг бўлса”, “Очиқ осмон остида” номли китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
“Кўксимни куйдирган аланга” деб номланган ушбу тақдимот тадбири адабиёт, шеърият, мусиқа байрами сифатида ғоят самимий, файзли руҳда бўлиб ўтди.
Тақдимот тадбирида етакчи журналистлар, адиблар, адабиётшунос олимлар, шоирлар Муҳаммад Исмоил ижоди хусусида батафсил сўз юритди.
Устоз журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Аҳмаджон Мелибоевнинг фикрича, Муҳаммад Исмоилнинг “Бошимда тожим онам“ номли китоб онадек майин, латиф китоб бўлган. Уни мутолаа этаётган ўқувчи бевосита китобнинг ичига кириб кетади. Ижодкор учун энг катта бойлик онанинг дуоси экани шу китобда яққол намоён бўлади. Зеро, миллатимиз она дуосини доим улуғ қадрият санаган. Бу китобни ўқиган одам ўзини тафтиш этади. Водийда бўлиб ўтган ижодий учрашувлар жараёнида адабиёт мухлислари унинг шеърларини унинг ўзи билан жўровозликда айтиб беришганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ижодкор учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Тақдимот тадбирида эътироф этилганидек, она ҳақида ёзмаган ижодкорнинг ўзи бўлмаса керак. Оналар ҳақида тўқима гаплар билан ёзиб бўлмайди. Китобда юракдан чиққан сўзлар акс этган. Муаллиф онанинг ҳаёт фалсафаси нақадар теран эканини кўрсатиб беради. Онанинг ўгитлари Муҳаммад Исмоил учун маёқ экани шу китобда яққол сезилиб туради.
Тадбирда Муҳаммад Исмоилнинг ижодий фаолияти ҳақида батафсил сўз юритилди.
“Очиқ осмон остида” номли китоб Муҳаммад Исмоил ижод дунёси, инсонийлик жиҳатларини ёрқин очиб бериши билан аҳамиятлидир. Бу китобни ўқиб, адибнинг баъзи асарлари мисолида Муҳаммад Исмоил ижодининг ўзига хос услубга эга эканини, унинг камолот йўлидаги кечинмалари, заҳмату қувончлари, изтиробларини янада теранроқ англайди.
Маълумотларга кўра, Муҳаммад Исмоил 1964 йилининг 13 мартида туғилган. 1981-1986 йилларда ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган.
Илк шеърий тўплами – “Тазарру саодати” номли китоби 1991 йил чоп этилган. Шундан сўнг “Тасаввур чизиқлари” (1998), “Кўнгил мулкига сафар” (2001), “Саҳройи гуллар” (2001), “Сиз ҳамон ўшасиз” (2003), “Сизни севмай бўладими” (2005), “Баҳорнинг энг сўнгги лоласи” (2006), “Чиройлисан, тенги йўқ” (2006), “Кўксимни куйдирган аланга” (2008), “Осмон тўла орзулар” (2011) китоблари чоп этилган.
Адибнинг ҳикоялари асосида “Лучезарная” (2011) китоби рус тилида нашрдан чиққан. Муҳаммад Исмоил моҳир таржимон ҳамдир. Марина Цветаева, Борис Пастернак ижодидан намуналарни ўзбек тилига ўгирган. Муҳаммад Исмоил асарлари асосида “Изғиринли кунларнинг бири”, “Қисмат”, “Ой чиқмаган оқшом”, “Янги ой чиққан кеча”, “Моҳинур”, “Атиргул”, “Балоғат бекати”, “Юлдузсиз осмон” “Қалбим ардоғи” каби видеофильмлар экранлаштирилган. Муаллифнинг кўплаб шеърлари қўшиқ бўлган.
Муҳаммад Исмоил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиётни тарғиб қилиш бюроси бош муҳаррири (1987-1989), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабий консультанти (1989-1993), “Ёшлик” журнали бош муҳаррири ўринбосари (1993-1996), “Оила ва жамият” газетаси бош муҳаррири (1996-1998), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Ўзбекистон” телеканали бош директори ўринбосари (1998-2006), Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижод уйида директор ўринбосари – бош муҳаррир (2006-2009) лавозимларида ишлаб келган.
[gallery-19680]
Ёзувчи Эркин Усмонов адиб ҳақида “Ошуфта кўнгил” номли китоб ёзган.
Шоир Муҳаммад Исмоил янги китобларининг тақдимот тадбири самимий ва файзли руҳда ўтди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири