English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Атонларда осилган узум: маҳаллий анъаналар
15:29 / 2025-11-28

Бугун йилнинг исталган пайтида бозорларимизга кирсангиз ҳозиргина дарахтдан узилгандек сақланган сархил мевалар кўзингизни қувнатади. Лекин махсус кимёвий ишлов бериш эвазига, музлаткичларда сақланишини билармидингиз. 

Албатта, харидор талаблари ва техника-технология ривожи боғбонлар ва деҳқонларга бундай имкониятларни тақдим этади. Бироқ, ушбу маҳсулотларнинг соғлиқ учун қанчалик фойдали ёки зарарли эканлиги ҳақида кўпчилик етарли маълумотга эга эмас.

Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги баъзи боғбонлар қўлбола қурилган омборларда узумни маҳаллий усулда сақлайди. Уларнинг айтишича, ушбу усул орқали узум май ойигача, худди боғдан кеча узилгандек тоза ҳолатда сақланади. Масалан, тумандаги Ваткана қишлоғилик Абдулла Эгамов мана шундай тажрибали деҳқонлардан.

Боғбоннинг томорқаси ва деҳқон хўжалигини қўшиб ҳисоблаганда жами 65 сотих узумзори бор. Токзорида узумнинг деярли барча туридан экилган. Ёз ойларининг бошидан то кеч кузгача узум сотади. Бундан ташқари, кеч пишар тоифи узумларни 1,5-2 тоннасини ўзи қурган омборда ёзгача сақлаб сотади. Хуллас етиштирилган ҳосил йил давомида майдалаб бозорга чиқарилади.

Боғбоннинг омборига кирар эканмиз атонларга (узум осиб қўйиладиган токнинг новдасидан тайёрланган восита) осиб қўйилган узумларни кўриб кўз қувнайди, гўё узум эмас марваридлар илиб қўйилгандек.

– Узумлар мезон шамолини егандан кейин узилиб, атонларга боғлаб чиқилади ва қатор қилиб омборга жойлаштирилади, – дейди Абдулла Эгамов. – Май ойигача сифати бузилмасдан туради. Февраль ойидан бошлаб сота бошлаймиз. Энг муҳими мана шу усулда сақланганда узумнинг сифати бузилмайди. Ҳеч қандай химикатларсиз, табиий бу усул соғлиқ учун жуда фойдали.

Дарҳақиқат, пахсадан қилинган омбор. Бинонинг орқа ва олд томонида шамол айланиши учун махсус туйнуклар қўйилган. Совуқ кунлари кечаси тешиклар ёпиб қўйилади, эрталаб яна очилади. Узум осилган атонларнинг ток новдасидан тайёрланишида ҳам ҳикмат бор. Узум гўё токда тургандай диркиллаб туради. Агар симга осилса, қуриб майиз бўлиб қолар экан.

[gallery-26463]

– Бу усулда асосан кеч пишар тоифи узумларни сақлаймиз, – дейди боғбоннинг турмуш ўртоғи Майсара Сатторова. – Узун ток новдаларидан атонларни эринмасдан ясаймиз. Сентябрнинг охири октябрнинг бошларидан бошлаб ҳар бир бош узумни осиб, боғлаб чиқамиз. Шунинг эвазига қиш ойларида ҳам даромад қиламиз. Илик узилди маҳалларда рўзғорнинг каму кўстига ярайди.  

Ушбу қишлоқда Абдулла ака каби узумчилар талайгина, уларнинг боғбонликдаги тажрибалари эса барчага ўрнак.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари