Маълумки, мамлакатимизда атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш, унинг хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда халқаро стандартларга мос ҳуқуқий асосларни яратиш, бошқарув тизими ва назорат механизмларини ислоҳ қилиш, соҳадаги барча иштирокчиларнинг ваколат ва мажбуриятларини аниқ белгилашга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Шу мақсадда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур лойиҳа Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорати тизимини такомиллаштириш, уни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш назарда тутилмоқда.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли орган сифатида белгиланяпти. Агентлик соҳавий дастурларни ишлаб чиқади ва мувофиқлаштиради, хавфсизлик тадбирларини белгилайди ва халқаро ҳамкорликни таъминлайди.

Лойиҳада давлат органларининг жавобгарлиги ва ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Жумладан, Энергетика вазирлиги атом энергетикаси манбалари ҳисобини юритиш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва истеъмол балансида атом энергетикаси улушини ҳисобга олиш каби вазифаларни амалга оширади.
Шу билан бирга, лойиҳа билан давлат органлари, вазирлик ва идораларнинг номлари ҳамда ҳуқуқий атамалар амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштирилмоқда. Шунингдек, юридик-техника қоидаларидан келиб чиқиб, нормаларни аниқлаштириш ва улар ўртасидаги уйғунликни таъминлаш мақсадида тегишли ўзгартишлар киритиляпти.
Муҳокамаларда таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш, давлат бошқаруви ва назоратининг самарали йўлга қўйилишини таъминлаш ҳамда ядро хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлаш, соҳадаги муносабатларни замон талабларига мос равишда ривожлантириш, мамлакатимизнинг ядро хавфсизлиги бўйича нуфузини оширишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА