English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Атом энергетикаси соҳасида таҳсил олган илк битирувчиларга дипломлар топширилди
18:40 / 2023-07-19

Қарор ва ижро

Тошкент шаҳридаги "Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети филиали илк бакалаврларининг битирув кечаси ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, академик Беҳзод Йўлдошев, Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов, “Росатом” давлат корпорацияси бош директорининг инсон ресурслари бўйича ўринбосари Татьяна Терентьева ва бошқалар икки мамлакат ўртасидаги фан-таълим соҳасидаги ҳамкорлик ўзининг амалий самарасини бераётганини таъкидлади.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июлдаги “Тошкент шаҳрида “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган мазкур олийгоҳ 2019 йил 3 сентябрдан буён фаолият кўрсатиб келади.

Бугунги кунда ушбу филиалда 275 нафар талаба "Ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси", "Ядро физикаси ва технологияси", "Электр энергетикаси ва электротехника", "Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси" йўналишларида таҳсил олмоқда.

Эътиборлиси, бу йил ушбу йўналишлар бўйича таълим даргоҳининг 62 нафар бакалаври ўқишни муваффақиятли якунлаб, илк битирувчилар сифатида ушбу тадбирда олқишланди.

– Бизнинг талабаларимиз ўқиш давомида олган юқори даражадаги билимларини намойиш этди. Улардан баъзилари эса магистратурага кириш ва битирув мавзулари бўйича мақолалар нашр этиш бўйича тавсиялар олди. "ММФИ" Миллий тадқиқот ядро университетидаги ҳамкасбларимиз ва "Ўзатом" агентлиги вакиллари филиалимиз битирувчиларини тайёрлаш сифатини таъкидлади. Яқин келажакда битирувчиларимиз Ўзбекистон Республикаси энергетика соҳасининг турли ташкилотларида иш билан таъминланади ва атом соҳасини ривожлантириш ва мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшади, – деди Тошкент шаҳридаги "Москва муҳандислик-физика институти" миллий тадқиқот ядро университети филиали ижрочи директори Шавкат Абдукомилов.

"Москва муҳандислик-физика институти" миллий тадқиқот ядро университетинингТошкентдаги филиали фаолияти ва таълим жараёнларида "Росатом" давлат корпорацияси Ўзбекистон атом саноатини ривожлантириш дастури доирасида кадрлар тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатди.

– Атом энергетикаси жаҳон энергия тизимининг муҳим элементи, тоза "яшил" энергиянинг ишончли манбаи, келажак авлодлар учун барқарор мустаҳкам иқтисодиёт ва барқарорликни яратиш учун асосдир. 12 йилдан ортиқ вақт давомида "Росатом" ҳамкор мамлакатлар учун муҳандис кадрларни тайёрлашга ҳар томонлама ёндашмоқда. Бугунги кунда дунёнинг 65 мамлакатидан келган 2 минг нафардан ортиқ талаба Россия университетларида ядро ва тегишли соҳалар бўйича таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, биз Россия ва хорижий мамлакатларнинг етакчи университетлари ўртасида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқишни, шунингдек, чет элда Россия университетларининг филиалларини очишни қўллаб-қувватлаяпмиз. Ўзбекистонда “ММФИ” МТЯУ филиалининг ташкил этилиши бу борадаги илк қадам бўлди ва бугунги воқеа лойиҳанинг муваффақиятидан далолат беради, – деди "Росатом" давлат корпорацияси бош директорининг инсон ресурслари бўйича ўринбосари Татьяна Терентьева.

Кечада филиал битирувчиларига тантанали равишда дипломлар топширилди.

Битирувчилар орасида ўзининг билимга чанқоқлиги, фаоллиги ва илмий изланишлардаги ютуқлари билан кўзга кўринган Дилшод Ўтаганов бакалавр йўналишини "қизил" диплом билан якунлади.

– Очиғи, қувончимни яшира олмайман. Негаки, барча қийинчиликлар ортда қолди. Чунки бу соҳа қанчалик қизиқарли бўлса-да, унинг масъулияти ва юки янада улкан. Қўп ўқиш ва изланиш керак.  Ота-онам ва устозларимга ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни билдираман, – деди Д.Ўтаганов.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири