Атом энергетикаси иқлим ўзгаришига қарши курашда халал берадими?
Атмосфера ҳавоси таркибида қатор зарарли моддалар миқдорининг кўпайиши нафақат ҳароратнинг, балки сайёрамизнинг барча минтақаларининг иқлими ўзгаришига олиб келмоқда.
Бугунги кунда одамзотни ташвишга солаётган асримиз муаммоларидан бири иқлим ўзгариши ёки сайёрамизнинг тобора исиб бораётганидир. Ер сайёрасида умумий ҳароратнинг кўтарилиши атроф муҳитнинг, айниқса атмосфера ҳавосининг зарарланганлигини кўрсатувчи асосий кўрсаткичлардан биридир.
Атмосфера ҳавоси таркибида қатор зарарли моддалар миқдорининг кўпайиши нафақат ҳароратнинг, балки сайёрамизнинг барча минтақаларининг иқлими ўзгаришига олиб келмоқда.
Дунё ҳамжамияти, шу жумладан мутахассислар томонидан бекорга бонг урилмаяпти. Дунё миқёсида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташланмалар миқдори шу суръатларда кетса, глобал исиш ва иқлим ўзгаришлари натижаси башорат қилиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида Париж Битими қабул қилинди. Келишувнинг асосий қирраларидан бири ривожланган давлатлар билан бир қаторда ривожланаётган давлатлар ҳам ташланмалар миқдорини камайтириш мажбуриятини олиши белгилаб қўйилган.
Келишувнинг асосий мақсади иссиқхона газлари ташланмаларини сезиларли даражада камайтириб, сайёрамизда глобал исишни индустриал ривожланиш давридаги ўртача ҳароратга нисбатан Цельсий шкаласи бўйича 1,5-2 градус чегарасида ушлаб туришга эришишдан иборат. Мутахассисларнинг фикрларига кўра, агар бу амалга оширилмаса, сайёрамиз йилдан йилга кўпроқ кескин иқлим ўзгаришларига дучор бўлади. Ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга келиб атмосферага чиқарилаётган ташланмаларнинг умумий миқдори 55 гигатоннани ташкил этиши эҳтимоли бор. Ҳароратни Цельсий шкаласи бўйича 1,5-2 градус чегарасида ушлаб туриш учун умумий ташланмалар миқдори 40 гигатоннадан ортиқ бўлмаслиги керак.
Айрим экспертлар фикрича, атом энергетикаси ҳам иқлим ўзгаришига сабаб бўладиган омиллардан экан. "The Guardian" газетаси колумнисти, "Climate news network" ахборот ресурси асосчи-муҳаррири Паул Брауннинг хабар беришича, углероднинг атмосферага чиқарилишини қисқартиришни истайдиган мамлакатлар атом электр станциялар қуриш режаларидан воз кечиб қайта тикланувчи энергия манбаларига сармоя ётқизишлари керак, чунки у энди углерод паст даражасининг варианти сифатида кўрилиши мумкин эмас. Nature Energy журналида чоп этилган ва Жаҳон банки ҳамда Халқаро энергетик агентликнинг 125 мамлакатга доир 25 йиллик давр учун маълумотлари таҳлил этилган Буюк Британиядаги Сассекс Университетининг бизнес мактаби тадқиқотининг натижалари шундай хулосага олиб келган.
Мазкур тадқиқот қайта тикланувчи энергия манбалари ва ядровий энергияни биргаликда паст углеродли стратегияга киритиш қийинлиги намойишини тақдим этади, негаки улар энерготизимнинг икки турлича типларидир. Шу сабабли муаллифлар атом электр станцияларини умуман қурмаган маъқул деб ҳисоблайдилар.
Олимлар хулосасига кўра, йирик атом электр станцияларни қўллаб-қувватлайдиган мамлакат углерод чиқиндиларини қисқартиришнинг энг самарали технологияларини – кичик қайта тикланувчи энергия манбаларини, қуёш, шамол ва гидроэнергетикани муқаррар тўхтатишга уринади. Йирик миқёсли ядро дастурларига эга мамлакатлар одатда, вақт мобайнида углероднинг паст чиқиндиларини намойиш этмайди. Бирмунча қашшоқ мамлакатларда ядро энергетикасига киритиладиган сармоялар нисбатан юқори углерод чиқиндилари билан боғланган. Бу қайта тикланувчи энергия манбаларидан кўра атом энергетикасига инвестициялар киритиш устуворлигининг мақсадга мувофиқлигини шубҳа остига қўяди.
Тадқиқотнинг кўрсатишича, айрим мамлакатларда қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш углерод чиқиндиларини камайтиришда атом электр станцияларига ўтишдан кўра етти марта самаралироқ экан. Олинган маълумотлар ядровий тармоқ учун жиддий зарба ҳисобланади, ваҳоланки, у ўзини иқлим ўзгаришига жавобан паст углеродли энергетика сифатида намоён қилаётганди. Олимлар келган хулоса эса агар мамлакатлар чиқиндиларни сезиларли, тез ва иқтисодий жиҳатдан самарали камайтиришни истаса, қуёшли ва шамол энергияга сармоя киритиши ва ядровий энергетикадан қочиш кераклигини исботлади.
Тадқиқотнинг бош муаллифларидан бири, Сассекс Университети профессори Бежамин Совакулнинг сўзларига эътибор қилинса, фактлар ядровий энергетиканинг углерод чиқиндиларига қарши курашнинг иккита стратегиясида энг кам самарали ҳисобланишига аниқ ишора бермоқда.
Ҳисоботда айтилишича, АЭСни ишга тушириш учун бажариладиган ишлар муддатининг узоқлигидан ташқари, потенциал хавфсизлик ва ҳалокатли рисклар устидан муттасил назорат олиб бориш, террорчилик ҳужумларидан ҳимояни таъминлаш, шунингдек, ядровий чиқиндиларни сақлашнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш заруриятлари мавжуд. Бу ортиқча ресурсларни талаб қилибгина қолмай, қайта тикланувчи энергия манбалари каби оддий ва тезкор вариантлардан эътиборни чалғитади. Тадқиқотнинг кўрсатишича, 100 фоиз қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаган ҳолда ишончли электр қуввати таъминотига эришиш эҳтимоли юқори, айни ўринда унинг ёнида атом электр станцияларини ишлатиш муқобил энергия манбаларининг ривожига тўсқинлик қилади.
Мюнхендаги Халқаро менежмент мактабидан бўлган мазкур тадқиқотнинг ҳаммуаллифларидан бири Патрик Шмидт шу ҳақда фикр билдирган: «Турли вақт ва турли мамлакатлар доирасидаги натижалари қанчалар аниқ ва изчиллиги ҳайратланарли. Айрим мамлакатлардаги йирик танловда қайта тикланувчи электр қуввати ва углерод чиқиндиси ўртасидаги алоқа ядровий энергетика учун тегишли алоқадан етти марта кучлироқ». Материалнинг чоп этилиши нафақат атом тармоғи учун зарба ҳисобланади, балки ҳамон ядровий энергетикага маблағ киритиш ниятида бўлган ҳукуматлар учун ҳал қилувчи лаҳза саналади.
Ўзи анчадан бери энг ривожланган, ядро қуролига эга бўлмаган ва буни истамайдиган демократик давлатлар қайта тикланувчи энергия манбаларига сармоя ётқизиб, ядровий энергетикадан воз кечмоқда. Чунки ядровий соҳа ўта қиммат ва аҳоли орасида эътиборга сазовор эмас. Европада булар Германия, Италия ва Испания, Осиёда Жанубий Корея.
АҚШ ва Буюк Британия каби ядро қуролига эга давлатлар ўзларининг ҳарбий ва фуқаролик ядровий саноати ўртасида боғлиқлик мавжудлигини тан олиб, хусусий секторни атом электр станцияларини қуришни рағбатлантиришга даъват этиб, ҳатто уларни мазкур соҳадаги ишларда иштирок этишга чорлаш мақсадида давлат субсидиялари ва кафолатланган харид нархларини тақдим этишга тайёрлар.
Россия ва Хитой ҳамон катта иштиёқ билан ядровий энергетикага муносабатда бўлмоқдалар, ҳар ҳолда ривожланаётган мамлакатларга технологиялар экспорти ҳисобидан олинадиган таъсирдан кўра, олинадиган фойда қиймати улар учун муҳимроқ. Арзон кредитлар тақдим этиш ва атом электр станциялари қурилиши уларнинг ҳукуматларига ушбу мамлакатларда узоқ муддатли таянч имкониятини беради. Бу албатта халқаро тадқиқотчилар фикри.
Тадқиқот ҳаммуаллифи, Сассекс Университети профессори Энди Стирлингнинг таъкидлашича, уларнинг ишининг натижаси ҳозирча ядровий энергетика соҳага сармоялар киритишга эътибор кучлигидан далолат беради. Аҳвол шу тарзда давом этаверса, бу алал-оқибат иқлим ўзгаришининг олдини олишда самарадорликнинг пасайишига олиб келади.
Аммо бошқа олимлар атом генерацияси мавжуд барча энергия турлари орасида экологик жиҳатдан энг тозаси ҳисобланишини ва у мамлакат саноати ривожи учун зарур бўлган барқарор базавий юкламани таъминлашини айтишмоқда.
Қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТEМ) уни тўлдириши мумкин, лекин бу функцияни мустақил бажара олмайди, зеро ҚТEМ беқарор ва у об-ҳаво шароитларига боғлиқ. Қолаверса, АЭС 60 йилдан 100 йилгача эксплуатация қилиниши мумкин, яъни у ривожланиш режасини амалга ошириш имконини берувчи узоқ муддатли ва истиқболли лойиҳадир.
Ривожланган мамлакатларда АЭС харажатлари 10 йилгача муддат ичида қопланади, кейинги 50 йилдан зиёд даврда эса соф даромад келтиради. Боз устига, атом энергияси арзон ва у хомашё нархига у қадар боғлиқ эмас, зеро унинг умумий таннархдаги улуши 10 фоиздан ошмайди. Шунингдек, Ўзбекистон атом электр станциялари учун хомашё ҳисобланган катта уран захирасига эга.
Ҳар қандай станция, ҳар қандай инсон фаолияти бир темир қоидага риоя қилиши зарур – хавфсизлик. Дейлик, гипотетик жиҳатдан қурилиш бўлаётган жойдан ўтиб кетаётган кишининг бошига ғишт тушиши мумкинлиги сабабли ҳеч ким қурилишни бекор қилмайди. Шунчаки хавфсизлик техникасини кучайтиришга оид чоралар кўрилади. АЭСда ҳам худди шундай – гап қуриш ё қурмасликда эмас, буни қандай амалга оширишда. АЭС станцияда хизмат қилиш бўйича юқори маданият, кенг қамровли ва чуқур билимларни эгаллашни, шу билан бирга, катта масъулиятни талаб қилади.