Пойтахтимиз Тошкент шаҳри дунёдаги атмосфераси энг ифлос, ёмон ва зарарли бўлган шаҳарлар қаторидан ўрин эгаллаб келаётганига тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Бугунги кунда экология ва атмосфера ҳавоси ифлосланишига сабаб бўлаётган бир қатор омиллар мавжуд. Улар қаторида саноат корхоналари ва иссиқхона хўжаликлари ҳам бор. Улар фаолиятини тартибли йўлга қўйиш борасида назорат тадбирлари ўтказиб келинади.
Жумладан, ҳукуматнинг 2025 йил 8 февралдаги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари томонидан 300 дан ортиқ мутахассисдан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Улар томонидан пойтахт ҳудудидаги иссиқхона хўжаликлари, саноат корхоналари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш заводлари ва бошқа йирик ишлаб чиқарувчи ҳамда ижтимоий соҳа объектлари тўлиқ хатловдан ўтказилди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотларига кўра, назорат тадбирлари натижасида 4 минг 869 объект ўрганилган. Улардан 595 таси иссиқхона хўжаликлари (Тошкент вилоятида — 381 та, Тошкент шаҳрида — 214 та), 2 минг 265 та ижтимоий соҳа объекти ҳамда 1 минг 998 саноат ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналаридир. Барча объектларда профилактика ва тушунтириш ишлари амалга оширилди.
Ўрганишлар давомида дудбурондан фойдаланиш қоидаларини бузган 58 иссиқхона хўжалигига нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди, 106 хўжалик фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Шунингдек, 387 ҳолат бўйича экологик талабларга мувофиқлаштириш ҳамда плёнка, автошина ва ўсимлик қолдиқларини ёқилғи сифатида фойдаланмаслик юзасидан расмий огоҳлантириш хатлари юборилди.
Бугун ҳаётимиз ва саломатлигимизга раҳна солаётган турли экологик хавфлар салмоғи ортиб борар экан, уларга қарши курашиш, экологик муаммоларни бартараф этиш ва олдини олиш энг долзарб масалага айланмоғи лозим.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА