Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Атмосфера ифлосланиши ва тирбандликлар ўртасидаги боғлиқлик (+видео)
13:48 / 2024-03-04

Ҳеч кимга сир эмас, сўнгги йилларда Тошкент шаҳри йўлларида вужудга келаётган тирбандликлар кун сайин мураккаблашиб бормоқда. Бунинг олдини олиш учун қандай амалий чора-тадбирлар амалга ошириляпти? Ушбу вазиятга илмий жиҳатдан ечим топиш мақсадида олимларимиз ҳам изланиш олиб боряптими? Уларда қандай таклифлар бор?

Тошкент давлат транспорт университети профессори Анвар Назаров билан ана шулар ҳақида суҳбатлашдик.

– Тошкент шаҳри, вилоятлар марказлари ва республикамизнинг йирик шаҳарларида кўча-йўл тармоқларида вужудга келаётган тирбандликлар кун сайин мурккаблашиб бормоқда. Мазкур соҳа бўйича мутахассис олим сифатида бу муаммо юзасидан фикрингиз қандай?

– Кўча-йўл тармоқларидаги тирбандликлар нафақат бизнинг мамлакатимизда балки, дунёнинг кўплаб мегаполисларидаги долзарб муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Жумладан, бу каби ҳолатлар мамлакатимизнинг Тошкент, Самарқанд каби йирик шаҳарларида яққол кўзга ташланмоқда. Айниқса, ҳаракат тиғиз пайтларида бу муаммо шаҳарларнинг барча йўл ҳаракати иштирокчилари учун жиддий ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Бир томондан, ҳаракат қатнашчилари ўз манзилларига етиб олишлари учун одатдагидан кўра, баъзан икки баробар кўп вақт сарфласалар, иккинчи томондан, транспорт воситаларининг атроф-муҳитга кўрсатаётган салбий таъсири ҳам мазкур муаммо туфайли ортиб бормоқда.

– Шаҳар атмосфера ҳавосининг ифлосланиши билан тирбандликлар ўртасида боғлиқликлар мавжудми? Буни қандай изоҳлаш мумкин? 

– Шаҳар атмосфераси ифлосланиши билан тирбандликлар ўртасида тўғридан тўғри боғлиқлик мавжуд. Автомобилдан чиқаётган газларнинг ҳавони ифлослантириш даражаси у жойида туриб ишлаганда энг юқори кўрсаткичга эга бўлади. Бундай тартибда двигателда ёқилғи аралашмаси тўлиқ ёнишга улгурмайди ва ҳавога чала ёнган газ чиқарилади. Бу газнинг таркибида тирик организм ҳаёти учун хавфли бўлган газларнинг концентрацияси юқори бўлади. Бундан ташқари, тирбандлик шароитида автомобиллардан ажралиб чиқаётган газлар кўча-йўл тармоқларининг қисқа участкаларида, яъни тирбандлик кузатилаётган ҳудудларда катта концентрацияга эга бўлади. Уларнинг тарқалиб кетиши учун маълум бир вақт керак бўлади. Таъкидлаб ўтиш лозимки, тирбандлик шароитида автомобилнинг кўча-йўл тармоқларида бўлиш вақти ортади. Яъни эркин ҳаракатланиш шароитида автомобиль ярим соатда етиб бориши мумкин бўлган жойга бир соатда боради. Бирламчи ҳолатда автомобиль ярим соат давомида унча кўп бўлмаган зарарли газ чиқарган бўлса, тирбандлик шароитида у бир соат давомида икки баробардан кўпроқ концентрацияга эга бўлган заҳарли газларни чиқаради. Кўриб турганингиздек, тирбандликлар шароитида автомобилларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири юқори даражада бўлади.

– Бундан келиб чиқадики, кўча-йўл шароитларидаги тирбандликлар ҳаракат иштирокчиларига ноқулайликлар туғдириш билан бир қаторда, атроф-муҳитга ҳам салбий таъсир кўрсатар экан. Кўчаларимиздаги бундай ҳолат бир икки кун ичида вужудга келиб қолгани йўқ. Бундай вазият вужудга келишининг асосий сабаби нимада деб ўйлайсиз? Нима сабабдан шу соҳа мутахассислари, олимлар бундай жараённи олдиндан кўра олишмади? Жумладан, Сиз соҳа мутахассиси, олим сифатида ўз вақтида тирбандликларнинг олдини олиш бўйича таклифлар билан чиқмадингиз?

– Фикрингиз тўғри. Бундай ҳолат бир икки кунда пайдо бўлмади. Талабалик давримдан бошлаб бу муаммони ҳал этиш масалалари билан шуғулланганман. Илк бор, 1982 йилда Тошкент шаҳрининг 23 та чорраҳасида ҳаракатни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш масаласи бўйича илмий-тадқиқот ишида қатнашган эдим. Ўша пайтларда Тошкент шаҳрининг магистраль кўчаларида ҳаракатни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими жорий қилинган эди. Бу, бугунги кунда “ақлли светофор” деб аталадиган бошқарув тизими эди. 2000 йилларнинг бошига келиб шаҳримизда тирбандликларнинг дастлабки кўринишлари кўзга ташлана бошлади. Шу вақтларда устозим профессор Қудратилла Азизов раҳбарлигида Тошкент шаҳридаги Шота Руставели кўчасидаги 11 та чорраҳада светофор объектларининг ишлаш тартибини оптималлаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишини олиб борган эдик. Бу, ўз навбатида, жуда яхши натижалар берганди. Шундан сўнг устозим раҳбарлигида 2003 йилда Тошкент шаҳрида тирбандликларнинг олдини олиш бўйича давлат томонидан молиялаштириладиган илмий-тадқиқот ишлари танловига лойиҳа топширдик. Мен мазкур лойиҳа бўйича тақдимот қилдим. Илмий гуруҳимиз ўшанда 2013 йилгача бўлган даврда шаҳримиз кўча-йўл тармоқларида ҳаракат жадаллигининг ортишини башорат қилиб, бу қандай муаммолар келтириб чиқариши мумкинлигини асослаб берган эди. Минг афсуски, ҳайъат аъзолари бу лойиҳани молиялаштиришга тавсия қилишмади. Улар бу муаммо долзарб эмаслигини, агарда биронта чорраҳада транспорт воситалари тўпланиб қолса, бошқаси орқали ҳаракатланиш мумкинлиги ва бу йўналишда алоҳида илмий-тадқиқот ўтказишга зарурат йўқлигини таъкидлашди. Шундан сўнг илмий гуруҳимиз билан бу масалани яна бир неча марта кўтариб чиқдик.Лекин ижобий натижага эришиш имкони бўлмади. Бунинг сабаби ҳали тирбандлик кўча-йўл тармоқларида жиддий тус олмаган ва ҳаракат қатнашчиларига катта ноқулайликлар туғдирмаётган эди. Буни қарангки, тирбандлик муаммоси биз ўйлагандан ҳам тезроқ, яъни 2008 йилга келиб жиддий тус ола бошлади. Бунинг сабаби, ўша даврда вужудга келган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози натижасида ўзимизда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг кўпгина қисми четга эмас, балки ички бозорга йўналтирилиши бўлди. Айнан шу даврларда биз тирбандликнинг олдини олиш бўйича ташкилий чораларни кўриб боришимиз ва унинг салбий таъсирини минималлаштириш бўйича мақсадли ишларни ташкил қилишимиз зарур эди. Бу кўча-йўл тармоқларининг катта қисмини қамраб олиши зарурлиги сабабли унга анча молиявий маблағ керак бўлар эди. 

2000 йиллардан бошлаб “Йўл ҳаракатини ташкил этиш” йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлаш тўхтатилган бўлса, 2013 йилга келиб шу йўналиш бўйича кафедра ҳам ёпиб юборилди. Фақат 2018 йилга келиб бу йўналишни очишга ва 2022 йилга келиб кафедрани қайта ташкил қилишга эришдик. Афсуски, маълум вақт мамлакатимизда бу муаммо билан шуғулланувчи мутахассислар ва олимлар тайёрланмади. Ўз даврида шаклланган олимлар ҳам бошқа соҳаларга ўтиб кетишга мажбур бўлди. Соҳадаги илмий мактаб ҳам ривожланмай қолди.

Бир сўз билан айтганда, тирбандликнинг олдини олиш бўйича чораларни кўриш мумкин бўлган “олтин” даврни қўлдан чиқардик.

– Нима сабабдан бугунги кунда тирбандликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самара бермаяпти?

– Бунга ҳам соҳа мутахассисларини тайёрлашдаги узилишлар сабабдир. Биздаги мутахассислар ҳам, чет элдан таклиф қилинган мутахассислар ҳам мавжуд муаммо моҳиятини етарли даражада тушунишмаса, уларнинг ишлаб чиққан таклифлари қанақа бўлиши мумкин? Улар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг самарадорлиги тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Улар асосан, йўл ҳаракатини Германияда ишлаб чиқилган “PTV Vissum” дастури орқали моделлаштириб мавжуд муаммони ҳал этишга ҳаракат қилмоқда. Бу эса кутилган самарани бермаяпти. Тўғри, бу дастур жуда мукаммал ишлаб чиқилган. Унинг ёрдамида чорраҳада ҳаракатланаётган транспорт ва пиёдалар оқимларининг айрим характеристикаларининг ўзгариши бошқарувда қандай таъсир кўрсатишини аниқлаш мумкин бўлади. Аммо чорраҳада транспорт ва пиёдалар оқимларини бошқаришни оптималлаштиришни бу дастур ёрдамида ҳал қилиб бўлмайди.

– Фикрингизча, чорраҳалардаги тирбандликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишнинг иложи йўқ, шундайми?

– Иложи бор, албатта. Бу муаммони ҳал этиш учун йўл ҳаракатини ташкил этиш икки хил усулда амалга оширилади. Биринчидан, ташкилий усуллар ёрдамида. Қачонки, ташкилий тадбирлар самара бермай қўйгандан кейин режали тадбирларга ўтилиши лозим бўлади. Бунинг учун ҳар бир чорраҳадаги муаммога умумий дастур ёрдамида эмас, балки муҳандислик усулларини қўллаган ҳолда индивидуал ёндашиш талаб этилади. Ҳар бир чорраҳадаги вазият ўрганилиб, у бўйича илмий асосланган лойиҳа ишлаб чиқилиб амалиётга жорий этилиши лозим. 

– 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030" стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармонида автомобиллар ҳаракатини ташкил этиш ва уларнинг атроф-муҳитга кўрсатаётган салбий таъсирини камайтиришга қаратилган бир қатор вазифалар кўрсатиб ўтилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, айрим тоифадаги юк автомобилларнинг ҳаракати сутканинг маълум бир вақтларида чекланиши ва “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклиф маъқулланди. Бу борада ҳам ўз фикрларингизни билдирсангиз.

– Дарҳақиқат, Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида чекланиши ҳар томонлама ижобий натижаларни беради. Биринчидан, юк автомобилларининг умумий оқимда ҳаракатланиши уларнинг тортиш динамик хусусиятларига кўра тирбандликни кучайтиришга сабаб бўлади. Иккинчидан, уларнинг тирбандликда туриши орқали атмосферани ифлослантириш даражаси яна ҳам кучаяди. Шу боис, дунё амалиётида бу каби чекловлар кенг миқёсда қўлланилади.

Экологияга автомобиллар чиқинди газларининг зарарли таъсирини камайтириш учун Тошкент шаҳрида ҳар ойнинг бир иш куни давомида автомобиллар ҳаракатланишини қисқартиришга қаратилган “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳасининг жорий этилиши ҳам жуда яхши натижалар беради, деб ҳисоблайман. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/KdaGOpp1108" title="Atmosfera ifloslanishi va tirbandliklar oʻrtasidagi bogʻliqlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА