Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Атмосфера ифлосланиши: транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш қанчалик муҳим?
14:07 / 2024-01-19

Пойтахтимизнинг атмосфера ҳавоси ёмонлашаётгани айни кунларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалалардан бирига айланган. Жамоатчилик вакиллари экологик муаммолар юзасидан турли фикр-мулоҳазалар билдирмоқда.

Бу борада Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосига кўрсатилаётган салбий оқибатларни камайтириш учун бир қатор чора-тадбирларни таклиф қилган эди. Улардан бири автотранспорт воситалари тирбандлигини камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳудудида куннинг тиғиз вақтларида (эрталабки соат 07:00 дан 10:00 га қадар ва 17:00 дан 20:00 га қадар) юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш таклифи эди.  

Дарҳақиқат, тирбандликни камайтириш, транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш борасидаги таклиф ва мулоҳазалар ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўктам Исломов қуйидагиларни қайд этди:  

— Экология барқарорлигини таъминлаш ҳамда ҳавонинг ифлосланишига қарши курашиш масаласи барча давлат органлари, қолаверса, ҳар биримизнинг зиммамиздаги долзарб масаладир. Ҳар қандай муаммони ечиш учун, энг аввало, мавжуд ҳолатни, унинг сабабини билишимиз керак.  

Бугун атмосфера ҳавосининг ифлосланиши бутун дунёдаги глобал муаммо бўлиб, бу ҳолат дунёда асосан кимё заводлари масаласи билан боғлиқлигини намоён этади. Тўғри, ишлаб чиқариш, саноат корхоналарини ривожлантириш муҳим. Шу билан бирга, уларнинг атмосфера ҳавосига чиқарадиган зарарларини камайтириш, бунинг учун зарур мосламаларни ўрнатиш мақсадга мувофиқ.  

Бугунги кунда юртимизда, айниқса, пойтахт Тошкент шаҳри атмосфераси ифлосланиши борасидаги муҳокамалар давомида транспорт воситалари ва уларнинг атмосфера ҳавосига етказаётган зарари бўйича фикрлар билдирилмоқда. Назаримда, бу борадаги таҳлилларни аниқ олиб бориш лозим. Транспорт воситаларини чеклаш бўйича жуда эҳтиёт бўлиш керак. Транспорт воситасининг ҳаракатланиши иқтисодиётнинг драйвери ҳисобланади. Ҳаракатни тўхтатиш иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун бу борада муқобил вариантларни ишлаб чиқиб, кейин тартибга солиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.  

 

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.  

ЎзА