Навоийда Экология вазирлиги ва вилоят бошқармаси ходимларидан иборат Ишчи гуруҳи томонидан биринчи ва иккинчи тоифага мансуб 133 та объектда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга оид белгиланган мажбуриятларга риоя этилиши юзасидан хатловдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, Навоий шаҳри ҳудудида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини камайтириш ва ифлослантирувчи газларнинг белгиланган меъёрдан ортиб кетиш сабабларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва уларга нисбатан чора кўриш мақсадида ўрганиш ўтказилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан Навоий шаҳри ва унга чегарадош бўлган ҳудудлар бўйлаб 11 та нуқтадан кўчма лаборатория орқали ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича таҳлиллар олиб борилди.
– Атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси бўйича лаборатория таҳлил натижаларига кўра, 2025 йил 19 июль куни ҳолатига эрталаб 7:00 дан 9:00 га қадар “Навоийзот” АЖ ва БХО атрофидан таҳлил ишлари олиб борилди, – дейди вилоят Экология бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Зубайда Душанова. – Ўрганишлар жараёнида атмосфера таркибида рухсат этилган меъёрдан аммиак 1,4 баравар, водород сульфиди эса 16,8 баравар юқорилиги аниқланди. 21 июль куни эса “Навоийазот” АЖ ва “Согда Кимё заводи” корхонаси атрофида ифлослантирувчи олтингугурт 4, углерод ва азот оксидлари, аммиак, водород сульфиди ва чанг моддалар миқдори рухсат этилган меъёрдан юқори эмаслиги аниқланган. 22 июль куни “Сода кимёвий ишлаб чиқариш” заводи атрофидаги учта нуқтадан ва “Zarafshon industrial technology” ишлаб чиқариш заводи атрофидан иккита нуқтадан олинган таҳлилларга кўра, олтингугурт қўшоксиди 1,04 - 1,24 маротаба ва аммиак 1,40 - 1,65 маротаба рухсат этилган меъёрдан юқорилиги қайд этилган.

Ишчи гуруҳ томонидан 2025 йил 23 июлдан бошлаб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес омбудсманни хабардор қилиш тартиби асосида “Навоийзот” АЖ, “Sagdiana kimyo”, “Ferroslav”, “Zarafshon industrial technology” МЧЖларда 10 кунлик текшириш ишлари амалга оширилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири