“Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизматига кўра, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖнинг Ишчилар шаҳарчасида атмосфера ҳавосини узлуксиз мониторинг қилиш мақсадида замонавий махсус стационар кузатув пункти ўрнатилди.
Мазкур пункт мажмуада мавжуд аввалги стационар кузатув пунктдан фарқли ўлароқ, атмосфера таркибидаги олтингугурт IV оксиди, ис гази, азот оксиди, азот IV оксиди каби газларни юқори аниқликда таҳлил қилиш имкониятига эга.
Шунингдек, ушбу пунктда метеостанция ҳам мавжуд бўлиб, у орқали шамол тезлиги ва йўналишини, ҳаво босими ҳамда намлигини, шудринг нуқтаси, ҳаво ҳарорати ўзгаришини узлуксиз мониторинг қилиб бориш мумкин.
Ҳозирда ушбу стационар кузатув пункти кўрсаткичларини мажмуанинг экоаналитик лабораторияси ва ишлаб чиқариш диспетчерлик хизматига онлайн узатиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари анализатор ва метеостанция кўрсаткичларини Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги "Ўзгидромет" агентлигига ҳам интеграция қилиш режалаштирилган.
Бундай замонавий автоматик назорат тизимларнинг ўрнатилиши хўжалик субъектлар фаолиятини халқаро талабларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, фавқулодда вазиятлар ва авариявий ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган тезкор чоралар қабул қилинишига эришилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА