Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Атлетларимиз жаҳон чемпионатида иштирок этади
19:24 / 2025-09-12

Шу йилнинг 13-21 сентябрь кунлари Япония пойтахти Токио шаҳрида енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон терма жамоасининг уч нафар аъзоси: Шохруҳ Давлатов (марафон), Анвар Анваров (узунликка сакраш), Шарифа Давронова (уч ҳатлаб сакраш) мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.

Мусобақада ҳамюртларимиз орасида биринчи бўлиб Шоҳрух Давлатов ўз чиқишини амалга оширади. У 15 сентябрь куни чемпионатнинг учинчи кунида, Тошкент вақти билан соат 03:30 да бошланадиган марафон финалида иштирок этади. Марафон беллашувларида жаҳоннинг 47 та енгил атлетика федерациясидан 96 нафар спортчи медаллар учун кураш олиб боради. Эътиборга молик жиҳати шундаки, эркаклар ўртасидаги марафон мусобақасида Марказий Осиё минтақасидан ягона иштирокчи — Ўзбекистон вакили ҳисобланади. Шунингдек, Осиё қитъасидан яна 10 нафар атлет ғолиблик учун кураш олиб боради. Улар орасида мезбон Япониядан 4 нафар, Хитойдан 3 нафар, Мўғулистондан 2 нафар ва Жанубий Кореядан 1 нафар спортчи иштирок этади. 

Шунингдек, 15 сентябрь куни Анвар Анваров узунликка сакраш баҳсларининг саралашида ўз омадини синовдан ўтказади. Агарда ушбу босқичдан муваффақиятли ўтса, 17 сентябрь куни финалида медаллар учун кураш олиб боради. Шарифа Давронова эса 16 сентябрь куни уч ҳатлаб сакрашда финал йўлланмаси учун беллашади. Ушбу йўналишдаги финал босқичи 18 сентябрь куни ўтказилади. 

Маълумот ўрнида: ушбу чемпионатда баландликка сакраш дастуридан Сафина Саъдуллаева ва ядро улоқтиришда Малика Насриддинова иштирок этиши керак эди. Бироқ атлетларимиз жароҳат сабаб мусобақани ўтказиб юборади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА