Атлас куйлак кийган 100 гўзал меҳмонларга пешвоз чиқди
Баҳор янгиланиш ва яшариш фасли. Бу фаслда табиат, бутун борлиқ уйғонади. Бу фаслнинг ўзига хослиги шундаки, иккита ажойиб шодиёна 8 март –Халқаро хотин-қизлар куни ва 21 март – Наврўзи олам байрамлари кенг нишонланади.
Айни кунларда Наврўз умумхалқ байрами олдидан жойларда байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги 20-умумтаълим мактабида ташкил этилган байрам тадбири ҳам барчага шодумонлик бағишлади. Айниқса, меҳмон ва ўқувчиларни 100 нафар хотин-қизлар ял-ял товланиб турган хон-атлас кўйлакларда кутиб олгани тадбир иштирокчиларида унутилмас таассурот қолдирди, десак муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, миллий либосларда турган хотин-қизларни кўрган кишининг дили яйраб, кайфияти кўтарилади.
Байрам тадбирида миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилди. Баҳор, она ватанимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчани рақсга чорлади.

А.Бўриев, ЎзА