Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида АТБ "Қишлоқ қурилиш банк" ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Орипов иштирокида брифинг ташкил этилди.
Мутахассиснинг маълумотига кўра, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш билан шуғулланувчи устав капитали миқдори 15 миллиард сўм бўлган банкнинг 100 фоиз таъсисчилигида масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхона ташкил этилди.
2023 йил 1 мартдан бошлаб банкда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини сотиб олиш ва ўрнатиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун “Яшил молиялаштириш” банк маҳсулотлари жорий қилинди.
Тадбиркорлик субъектлари “Муқобил энергия – 1” ва “Муқобил энергия – 3” кредит маҳсулотларидан фойдаланиш давомида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ёрдамидан фойдаланиши мумкин. Жаҳон банки иштирокидаги “Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш – Фаза 2” лойиҳаси доирасида кредит линия жалб қилинди.
“Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш – Фаза 2” линияси бўйича микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларига миллий валютада 500 минг АҚШ доллари эквивалентигача, хорижий валютада 500 минг АҚШ долларгача, 3 йил имтиёзли давр билан 10 йил муддатгача кредит ажратилади. Бунда миллий валютада ажратиладиган кредитлар фоиз ставкаси йиллик 20 фоизни, АҚШ долларида бериладиган кредитлар фоиз ставкаси йиллик 13 фоизни ташкил этади. Ҳозирда банк хизматлари офисларида юридик ва жисмоний шахсларни банк маҳсулотлари орқали кредитлаш жараёнлари олиб борилмоқда.
Банк ва Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси ўртасида умумий қиймати 20 миллиард сўмлик Бош келишув имзоланди. Жамғарма маблағлари ҳисобидан 247 та фуқарога 6 миллиард 414 миллион сўм миқдорида “яшил истеъмол” кредитлари ажратилди.
Тадбиркорлик субъектларининг биноларида қуёш панелларини ўрнатиш учун банк томонидан 16 миллиард 105 миллион сўм миқдорида кредит ажратилиб, бино-иншоотларда 1 минг 460 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Банкнинг марказий идораси, ҳудудий бошқармалари ва Банк хизматлари офисларида жами 32 та бино-иншоотларда 785 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА