Парламентлараро Иттифоқнинг мамлакатимиз пойтахтида ўтаётган 150-ассамблеяси доирасида гендер тенглик масалаларига бағишланган махсус сегмент бўлиб ўтди. Унда халқаро ташкилотлар раҳбарлари, жаҳоннинг турли мамлакатлари парламентлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирга Парламентлараро Иттифоқ Президенти Тулия Эксон раислик қилди. У ўз нутқида 1985 йилда дунёнинг турли бурчакларидан келган 22 нафар парламент аёл аъзолари томонидан асос солинган ушбу ҳаракат жаҳондаги биринчи парламент аёл аъзолари форумига айланганини қайд этди.
Таъкидланганидек, Парламент аёл аъзолари форуми ташкил топганидан бери Парламентлараро Иттифоқ гендер тенглик модели ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришда салмоқли кучга айланди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ўз сўзида минтақавий ҳамда глобал миқёсда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда ортиб бораётган ролини янада мустаҳкамлашда Парламентлараро Иттифоқнинг муҳим аҳамиятига урғу берди.
Парламентлараро Иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг эса гендер тенглик фақат аёлларга оид масала эмаслигига, у демократия, инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш масаласи эканига эътибор қаратди. «Бу эса, барчамиздан, айниқса, раҳбарлик лавозимларини эгаллаб турган эркаклардан аниқ ҳаракат ва қадамларни талаб қилади», деди у.
Тадбир давомида “Гендер тенгликка эришамиз: ҳаракатлар кетидан ҳаракатлар!” шиори остида гендер тенглик бўйича янги кампания эълон қилинди.

Ушбу бошланган янги кампанияни биринчилардан бўлиб Ўзбекистон парламенти қўллаб-қувватлаши ва унда белгиланган режаларни амалга ошириш йўлида катта масъулият, қатъият билан фаолият олиб бориши таъкидлаб ўтилди.
Кампания доирасида илгари сурилаётган 10 та ҳаракат мазмунан Ўзбекистонда қабул қилинган 2030 йилгача Гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳамда уни амалга оширишга қаратилган бир қатор давлат дастурларида белгиланган вазифаларга ҳамоҳангдир.
Сегмент доирасида тадбир иштирокчилари мавзу бўйича ўз нуқтаи назарларини баён қилди ҳамда ўзаро фикр алмашди.
Н.Абдураимова, ЎзА