Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ассалому алайкум ҳурматли ОАВ вакиллари ва брифинг иштирокчилари
20:34 / 2023-07-22

Бугунги брифинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунлари сархисобига бағишланади.

Қайд этиш лозим, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ўтган даврдаги иши парламент фаолиятини тартибга солувчи Конституциявий қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастури ҳамда Қонунчилик палатасининг 2023 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолиятининг асосий йўналишлари асосида ташкил этилди.

Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда, хусусан, унинг мазмун-моҳиятини ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишда Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам фаол иштирок этдилар. 

Хусусан, халқ вакиллари янгиланган Конституциянинг моҳияти ва аҳамиятини, унга киритилган янги нормалар мазмунини аҳолига етказиш, референдум ўтказишнинг асосий қоидаларини тушунтириш бўйича барча ҳудудларда тарғибот-тушунтириш тадбирларини ташкил этишди. Депутатларнинг маҳаллалар, аҳоли, ёшлар ҳамда турли соҳа вакиллари билан ўтказилган 3 347 та учрашувлари доирасида 590 мингга яқин аҳоли қамраб олинган. 

Ҳисобот даврида Қонунчилик палатаси томонидан 89 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, 49 та қонун қабул қилинди ва Сенатга юборилди. Шундан 10 таси янги, 26 таси яхлит, 7 таси жамланма (16 та қонун лойиҳасини ўз ичига олган), 6 таси ратификация қилишга доир қонунлардир. 

Шунингдек, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантиришга, бутун бир соҳаларни тартибга солишга қаратилган бир қатор қонунлар ҳам қабул қилинди. Хусусан, “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги, “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Пробация тўғрисида”ги, “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Ҳисобот даврида, давлат бошқаруви органлари ва улар мансабдор шахслари томонидан қонунларнинг ижро этилиши, давлат дастурларининг сўзсиз бажарилиши, ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг амалга оширилишига доир фаолияти устидан таъсирчан парламент назорати олиб борилди.

Хусусан, Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзоларининг ва давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахбороти 13 маротаба эшитилди (“парламент эшитуви”), 3 маротаба “ҳукумат соати” ўтказилди, мансабдор шахсларга 8 та парламент сўрови ҳамда 52 та депутат сўрови юборилди. Шунингдек Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан 90 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди.

Бундан ташқари, давлат бюджетининг самарали бажарилишини таъминлаш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан таъсирчан назорат ўрнатилиб, ҳукуматнинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги тегишли ҳисоботлари эшитиб борилди. 

Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ўз сайлов округларида бўлиб, фуқаролар билан учрашувлар ҳамда мулоқотлар ўтказдилар. Депутатларнинг сайлов округларида олиб борган фаолияти давомида сайловчилар билан 2,2 мингдан ортиқ учрашувлар ўтказилди. Уларда 73 мингдан зиёд фуқаролар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг 
6 мингдан ортиқ вакиллари қамраб олинди. 

Сайлов округларида амалга оширилган ишларнинг якунлари сиёсий партиялар фракцияларида атрофлича кўриб чиқилиб, жойларда аниқланган муаммолар ва камчиликларни парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш чоралари кўрилди.

Шу билан бирга, Олий Мажлис ҳузуридаги парламент комиссиялари томонидан Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилиши, инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳамда бу борада белгиланган устувор вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан парламент назорати олиб борилди. 

Халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш Қонунчилик палатаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис, ҳисобот даврида Қонунчилик палатасининг хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро ташкилотлар билан кўпқиррали ва самарали ҳамкорлик алоқалари изчил давом эттирилди.

Жумладан, Қонунчилик палатасининг Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думаси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сингапур Республикаси Парламенти ҳамда Вьетнам Социалистик Республикаси Миллий мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлари тузилди. Бугунги кунга келиб, парламентлараро дўстлик гуруҳлари сони 58 тага етди.

Ўтган даврда Қонунчилик палатасида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабулини ташкил этиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслардан жами 
3 777 та мурожаатлар келиб тушган.

Уларда асосан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига, бир қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини қарор топтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган бу каби ислоҳот ва янгиланишларга ҳамоҳанг тарзда очиқлик ва шаффофлик парламент фаолиятида ҳам бош мезонга айланди. 

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/8-WVWd2gsM0" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ҳисобот даврида оммавий ахборот воситаларида Қонунчилик палатаси фаолияти   14 240 маротаба ёритилди.

Депутатлар корпусининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти ҳақида жамоатчиликка ишончли ва тезкор ахборот етказиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.

Эътиборингиз учун рахмат!