English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асрларга тенгдош гужумлар қани?..
16:15 / 2022-08-02

Азал-азалдан Хоразм эли ўз уйлари атрофларига, ариқ (солма), ҳовузлар, катта каналлар қирғоқлари, йўл ёқаларига қайрағоч (бу дарахтни маҳаллий аҳоли “гужум” ёки “қаромон” дейди), жийда, қоратол, терак, оқ тут, ўрик ва ҳакозолар экиб, ўстириб келган.

Айниқса, ёзнинг жазирама иссиқларида одамлар гужумларнинг қуюқ сояларида ҳордиқ чиқариб, дам олган. 

Ўтган асрнинг 70-80 йилларида Хоразмда бир асрдан ошган гужумлар ниҳоятда кўп эди. Афсуски, пахта майдонларини кенгайтириш мақсадида уларни аёвсиз кесиб, қўпориб ташлаш оқибатида гужумлар, гужумзорлар камайиб кетди. Асрга тенгдош у гужумлар қани энди дейсиз?..Хоразм томонларда ҳозир 100 ёшдан ошган гужумни учратмайсиз. Эҳтимол, қайлардадир – кўзлардан панада кекса гужумлар ҳамон жон сақлаб, яшаб келаётгандир, лекин уларнинг сони саноқли.

Куни кеча Хоразмдан Ёқитжон опам қўнғироқ қилиб, дарвозамиз олдида ўсиб турган гужумларимиз кутилмаганда барглари оппоқ бўлиб, қуриб, тўкилиб кетганлигини хавотир билан айтиб, сақлаб қолиш чораси бормикан, деди.

Нима дейишга ҳам ҳайрон бўлиб қолдим. Хўш, нега айнан қайрағоч (гужум) дарахтларини баҳор ёки ёз ойларида барглари қуриб, тўкилмоқда?...

Қайрағоч (гужум) – қайрағочдошлар оиласига мансуб бўлиб, Республикамизда беш тури – Силлиқ қайрағоч, Туркистон қайрағочи, Бужун қайрағочи, Сариқ қайрағоч, Садақайроғоч каби турлари ўсади. Бизнинг Хоразм вилоятида эса қайроғочнинг 3 тури – Садақайроғоч илмий номи (Ulmus densa Litv.), қайрағоч (Ulmus pumila), гужум қайрағоч (Ulmus androssowii Litv.) ўсади. Учала турининг ҳам бўйи 10-15 метрга етадиган бўлиб, илдиз отиши кучли, тупроқнинг сизот сувларига чидамли бўлиб, тупроқ танламайди. Март, апрел ойларида гуллаб, уруғлайди. Қайрағочлар уруғларидан ёки илдиз бачкиларидан кўкариб чиқиб, ерга чуқур томир отиб кўпаяверади. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, қайрағоч қадимдан иморатлар пойдеворига таг синч қилиб ётқизилган. Қайрағочдан ясалган безакли устунлар Хива ва Урганч шаҳарларида ҳозир ҳам сақланиб қолган. Илмий манбаларда қайд этилишича, қадимий қалъалар (Бургутқалъа, Тешикқалъа ва бошқалар) пойдевори устига зах ва шўр ўтмаслик мақсадида эрамиздан аввалги даврларда ҳам таг синч ўрнига қамиш ва савағичлар ётқизилганлиги маълум.

Хўш, нега қайрағочларнинг барглари қуриб тўкилмоқда ?...

Қайрағочни (гужум) дарахтини азим пойтахт шаҳримиз Тошкентнинг хиёбонлари, йўллар бўйларида баланд бинолар атрофларида, ўсиб турганлигини кўп ҳам учратавермайсиз. Яқинда уларни Яланғоч ота қабристони ёнидаги кўп қаватли уйлар атрофида – Экобозорга яқин жойда 3-4 тупи ўсиб турганини кўриб, ҳайратда қолдим. Яқинига бориб қарасам, худди Ёқитжон опам айтганидек, барглари оппоқ бўлиб қовжираб тўкилган экан. Баргларини қўлимга олиб қарасам жуда майда кўз илғамас қорамтир нималардир бордек. Балки, бу қайрағоч баргларининг замбуруғ касаллигига чалинганидан далолатдир. Экологик омиллар таъсиридан келиб чиққан касаликмикан ёки айнан қайрағоч дарахти баргларини ейдиган ҳашоратлармикан? Бу саволга тўғри жавобни мутахассислар беради.

Хоразмдаги ҳовлимизда бобом экан қайрағоч (гужумлар) ҳамон ўсиб турибди. Отажоним (раҳматлик) уни кўз қорачиғидай асрар эди. Гужумимизнинг қуюқ барглари орасидан ҳатто қуёшнинг заррин нури ҳам ўта олмасди. Яқин атрофда далада ишлайдиган аёллар, тракторчилар, бригадир ва ҳоказолар ёзнинг жазирама иссиқ кунлари гужумимиз тагида роҳатланиб, ҳордиқ чиқариб, чой ичиб кетишарди. Қачонлардир бу дарахтни эккан бобомни эслаб, отамга ташаккурлар айтардилар.

Негадир кейинчалик бир офат - бало пайдо бўлиб, гужумимизни йўғон танасини жуда катта мўйловдор қўнғизлар кун сайин кемириб ташлай бошлади, улар тез кўпайиб борарди, бизлар бу очофат қўнғизларни кўрсак қўрқиб қочардик. Чунки Хоразмда бундай катта мўйловдор қўнғиз деярли учрамас эди. Отам мутахассис энтамологлар билан учрашиб шуни аниқладиларки, мўйловдор қўнғизлар ватани Россия экан. Бу ҳақда Хоразм телеведениясида ҳам кўплаб мулоқотлар, суҳбатлар бўлиб ўтган. Маълумки, аҳоли уй-жой қуриш учун кўп ёғоч талаб этилади, ёғоч эса асосан Россиядан келтирилади. Ёғочларда жойлашиб олган қўнғиз личинкалари, ғумбакларидан ривожланган қўнғизлар иқлим шароитига тез мослашиб ривожланиб асрга тенгдош гужумларимизга қирон келтирган эди. Отам гужумларимизга бир неча бор кимёвий дори воситалари билан ишлов бердилар, фойдаси бўлмади. Гужумларимиз қуриб қолди. Орадан мана салкам 30 йил вақт ўтди, бугун ўша гужумларимиз томирларидан чиққан ниҳоллар яна қуёшга қараб бўй чўзмоқда. Имоним комилки, гужумларимиз асрлар оша яшайверади.

Гужум экиб, кўпайтирайлик...

Хоразмда сўнгги йилларда негадир инсонлар гужум экмай қўйишди. Шаҳар ва хиёбонларга минтақа иқлим шароитига умуман мос келмайдиган манзарали дарахтларни экиб кўпайтиришга эътибор қаратилган. Маълумки, Хоразмнинг иқлими иссиқ, тупроғи шўр, тоғлар йўқ. Арча экиб, кўпайтириб бўлмайди. Арча фақат тоғларда, тоғолди ҳудудларида ўсади, холос. Бундан бир неча йил илгари Хоразмга борганимда Урганч шаҳридаги йўлакларга, ҳокимият бинолари, касалхоналар, хиёбонлар, аҳоли дам оладиган масканларга, ҳаттоки Боғотдан то Хонқагача бўлган асвалат йўл бўйларига экилган қатор арчаларни кўриб, ғоятда ачиниб кетганман. Бечора арчалар сарғайиб, қоқжираб қолган. Ҳокимият биноси олдига экилгаларини эса қуёшдан сақлаш мақсадида оқ сурп билан ўраб қўйилган. Агарда ўша йиллари, ўша жойларга, масканларга қайрағоч, мажнун тол, йўл атрофларига қора тол, терак, жийда дарахлари ниҳоллари ўтқазилганда эди, улар бугун гуркираб ўсиб турган, азим серсоя дарахтларга айланган бўлар эди. Ҳалиям кеч эмас, ҳар бир юртнинг, ўлканинг ўз иқлимидан келиб чиқиб, ўша жойда ўсадиган дарахт турларини, ниҳолларини ўтқазсак ёки уруғларидан экиб кўпайтирсак, нур устига аъло нур бўларди. Яшиллик оламининг ҳам ўз табиий қонунияти бор, инсоният уни асло бузиб, ўзгартира олмайди. Аксинча, қилинган машақатли меҳнатлар, сарфланган миллонлаб маблағлар беҳуда исроф бўлиб қолаверади. Бепоён чўллар қум саҳроларида ўсадиган жузғун, оқ саксовул, қуёнсуяк, селен каби бута – дарахтлар бор. Уларни ҳарчанд уринмайлик, баланд тоғлар қучоғида ўстира олмаймиз, улар юқори ҳароратли, жазирама иссиқ қумларда яйраб ўсади. Худди шундай, арча, бодом, дўлана каби дарахтлар ҳам юксак пирвиқор тоғларимизда гуркираб ўсадиган яратганнинг мўъжизаларидир. Улар шу иқлим шароитига миллон-миллон йиллар давомида мослашиб борган.

Дарвоқеъ, бугун 1 август куни Ёқитжон опам яна қўнғироқ қилдилар. Қўшнимиз Дармон опа айтибдиларки, қовжираб қолган гужумлари яна кўм-кўк бўлиб, янги барглар чиқариб, яшнаб кетибди. Наҳотки, дедим ва ўзим кўрган, Яланғоч ота ва Экобозор яқинидаги барглари оқариб, тўкилиб кетган қайрағоч (гужум)ларни кўргани келдим. Не кўз билан кўрайки, қайрағочлар кўм-кўк, янги барглар чиқариб, кўкка бўй чўзмоқда. Соялари ҳам асл гужум соясидек қуюқ.

Яратганга беҳисоб ҳамдлар айтдим. Ўйладимки, қайрағоч баргларини еб қуритадиган кўз илғамас ҳашоратларми, замбуруғларданми она табиатнинг ўзи даволаб, яшил барглар ила қайта ҳаёт бахш этган экан.

Марҳамат Матвафаева,

Биология фанлари номзоди