Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асрларга татиган умр
12:45 / 2023-05-08

Тошкент шаҳридаги Пучон университетида таниқли адиба, шоира Саида Зуннунованинг ёрқин хотирасига бағишланган маданий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда адабиёт мухлислари, фаол аёллар, талаба-ёшлар иштирок этди.  

Анжуманда мамлакатимиз тарихида ёрқин из қолдирган маърифатпарвар аёлларнинг ибратли ҳаёт йўлини тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар олиб  борилаётгани таъкидланди. Атоқли шоира Саида Зуннунованинг ижоди ва ҳаёт йўли хусусида батафсил сўз юритилиб, ўзбек адабиётига салмоқли ҳисса қўшгани, оқила ва фозила аёл бўлгани таъкидланди.  

– Талантли шоира, жозибали насрий асарлар муаллифи Саида Зуннунова ўзбек адабиётининг ажралмас ва умрбоқий бўлагига айланган, – деди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Озода Парпибоева. – Шоира ва адибамизнинг умр йўли, аёллик, оналик фазилатлари  худди ижоди каби ёшларимизга ҳам, ёши улуғ авлодларга ҳам бирдек ибратлидир.  

Саида Зуннунованинг  "Қизингиз ёзди” (1948), “Янги шеърлар” (1950), “Гуллар водийси” (1954), “Қизларжон” (1962), “Шеърлар” (1964), “Нилуфар” (1972) шеърий тўпламлари мунтазам нашрдан чиқади. Шунингдек, Саида Зуннунова ўзини иқтидорли насрнафис сифатида ҳам намоён этади, ҳар хил даврларда унинг “Гулбаҳор” (1956), “Янги директор” (1957), “Гулхан” (1958), “Олов” (1962), “Одамлар орасида” (1964), “Ойдин кўчалар” (1965), “Сен билан завқланаман” (1972), “Директор” каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилади. Саида Зуннунова насри меҳнат ва оила, хотин-қизлар ҳаётидан сўзлаб, улардаги бош қаҳрамон аёл тимсолида гавдаланади. Саида Зуннуновани халқимиз атоқли ёзувчи, Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмаднинг умр йўлдоши, адиб бошидан ўтказган изтиробли, айтиш мумкинки, қора кунларга шерик, елкадош бўлган матонатли аёл сифатида билади.  

Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева ижросидаги дилбар қўшиқлар, профессор Жамила Шермуҳаммедова, шоиранинг қизи Нодира Ҳусанхўжаеванинг Саида Зуннунова ҳақидаги гўзал хотиралари тадбирга ўзгача шукуҳ бахш этди.  

 

Н.Усмонова, ЎзА