Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асрлар синовидан ўтган дўстона муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилди
22:58 / 2024-08-23

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.

Дунёда тили, урф-одатлари, маданияти, ҳатто ташқи кўриниши жиҳатидан бир-бирига ўхшаб кетадиган миллат ва элатлар кўп. Ўзбек ва озарбайжон халқларини ана шулар қаторига бемалол қўша оламиз. Суҳбатлашса ўртага тилмоч керак эмас. Улар бир-бирининг юртига меҳмонга борса ўзларини бегона ҳис қилмайди. Феъл-атвори, инсонийлиги ва меҳнаткашлиги ўхшаб кетади. Ўхшашлик эса кўнгилларни яқин қилаверади.

Бу икки буюк халқни асрлар мобайнида бир-бирига боғлаб келган ришталар бисёр. Халқларимизнинг муштарак ёдгорлиги ҳисобланмиш “Авесто”, “Ошиқ Ғариб”, “Гўрўғли” сингари қадимий ёдгорликлар азалий қардошлик, дўстлик ва биродарликнинг ёрқин исботидир. Ўзбек мақомлари ва Озарбайжон муғомлари орасидаги ҳамоҳанглик ҳар икки халқ ўртасидаги яқинликни ўзида ифодалайди. Назм мулкининг султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий буюк Шарқ мутафаккирларидан бири Низомий Ганжавийни ўз устозларидан бири сифатида эътироф этган. Ўз навбатида, Муҳаммад Фузулий Ҳазрат Навоийнинг издошларидан саналади. 

Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари ва сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон – Озарбайжон ўртасидаги кенг қамровли муносабатлар янада мустаҳкамланиб, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик юқори босқичга кўтарилди.

23 август куни Кўксарой қароргоҳида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевни тантанали кутиб олиш маросими бўлди.

Икки давлат байроқлари билан безатилган майдонда Озарбайжон Президенти шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олди ва шоҳсупага таклиф қилди. Ўзбекистон ва Озарбайжон давлат мадҳиялари янгради.

Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказдилар.

Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари Озарбайжон Республикаси Президентининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.

– Бугун биз Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаймиз. Бир неча йил давомида биз биргаликда Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларини давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражасига кўтаришга муваффақ бўлдик, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, кўп қиррали ҳамкорликни илгари суриш ва уни аниқ мазмун билан бойитишнинг самарали механизмига айланиши лозим бўлган Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ўтказилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Етакчилар икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Парламентлар, ҳукуматлар, тармоқ идоралари ва ҳудудлар ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, форум ва кўргазмалар, кўплаб маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда.

Таъкидланганидек, келгуси йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланади.

Давлатимиз раҳбари ушбу қутлуғ санани кенг нишонлаш мақсадида тадбирлар дастури ва бир йилга мўлжалланган Идоралараро мулоқот ва алмашинувлар режасини тайёрлашни таклиф этди.

Бундан ташқари, келгуси йилни Ўзбекистон ва Озарбайжон иқтисодий кооперацияси йили деб эълон қилиш ва 20 та устувор йўналишни қамраб олган комплекс дастурни қабул қилишга келишиб олинди.

Товар айирбошлаш ҳажмини бир неча баробар ошириш ва саноат кооперациясининг янги босқичига ўтиш, жумладан, учинчи давлатлардаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича вазифалар белгиланди.

Куни кеча бўлиб ўтган бизнес форуми якунлари мамнуният билан қайд этилди: умумий қиймати 2 миллиард доллардан зиёд истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди. Бу энергетика, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишлардаги кооперация лойиҳаларидир.

Шу маънода, Ўзбекистон – Озарбайжон инвестиция компанияси бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш воситаси сифатида самарали иш олиб бораётгани қайд этилди.

Транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан, кўп томонлама асосда амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Томонлар авиақатновлар сонини ошириш, ер усти ва ҳаво транспорти бўйича тартиб-таомилларни имкон қадар енгиллаштириш, рақамли ечимларни жорий этишга келишиб олдилар.

Ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. 2025 йилга мўлжалланган алоҳида Ҳудудлараро ҳамкорлик режаси, икки мамлакат ҳудудларининг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича шериклик дастурини қабул қилиш ҳамда навбатдаги Ҳудудлар форумини Қўқон шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари маданият ва санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва ахборот сиёсати, спорт соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттириш юзасидан келишувга эришдилар.

Давлатимиз раҳбари икки мамлакат етакчи университетлари ректорларининг мунтазам учрашувлари механизмини йўлга қўйиш, қўшма медиа форумини ўтказиш таклифини билдирди.

Ўзаро сайёҳлар оқимини, гуманитар ва бизнес алмашинувларни кўпайтириш мақсадида пойтахтларимизда туризм ва ишбилармонлик мажмуаларини қуриш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Икки томонлама муносабатларни ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳамкорлик салоҳиятини чуқур таҳлил қилиш ва юзага чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Йиғилиш якунида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилишга қарор қилинди.

Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзоладилар ва Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси қарорини қабул қилдилар.

Давлат раҳбарлари ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

– Меҳнат фаолияти ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;

– Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

– Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси;

– Мактабгача таълим, касб-ҳунар таълими, ўрта махсус, олий таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённомалар;

– 2024-2026 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси";

– 2024-2026 йилларга мўлжалланган туризм соҳасидаги ҳаракатлар режаси;

– Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар давлат агентлиги ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

– Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва Озарбайжон Республикаси Адлия вазирлиги Адлия академияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Озарбайжон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Суд экспертизаси марказлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида баённома.

Ташриф доирасида Тошкент ва Боку, Шаҳрисабз ва Байлаган, Жиззах ва Губа шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар ва бошқа икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ўтказилган музокаралар юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.

Давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстона муносабатларни ривожлантиришда тарихий воқеа бўлганини катта мамнуният билан таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташрифнинг асосий натижаларидан бири сифатида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани алоҳида қайд этди. Бу, Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги саҳифа очилганини англатади ва томонларнинг кўп қиррали шерикликни ҳар тарафлама ривожлантиришга қатъий содиқлигини тасдиқлайди.

Ташриф давомида иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш бўйича янги таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг самарали механизми бўлиши кўзда тутилган Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ҳам бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти йил бошидан буён Ҳукуматлараро комиссия мажлислари, сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатлашувлар, парламент аъзолари учрашувлари, ҳудудлар форуми, шунингдек, бир қатор маданий ва ишбилармонлик тадбирлари ўтказилгани ушбу саммит муваффақиятининг пойдевори бўлганига эътибор қаратди.

Ўзбекистон қардош Озарбайжоннинг улкан ютуқларидан хурсанд.

Давлатимиз раҳбари қардош мамлакатда иқтисодиёт, саноат жадал ривожланиб, аҳоли турмуш даражаси яхшиланаётганини таъкидлади. Илҳом Алиевни Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани ва азалий озарбайжон ерлари қайтарилгани билан яна бир бор муборакбод этди.

Ижтимоий инфратузилма ва ишлаб чиқариш объектлари фаол қурилаётган Қорабоғ қайта тикланаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Озарбайжонни бу олижаноб ишда бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр.

– Озарбайжон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз ва иттифоқчимиздир. Бизни муштарак тарихий илдизларимиз ва кўп асрлик дўстлигимиз, ягона дин, ўхшаш маданият ва анъаналар боғлаб туради. Буларнинг барчаси ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда, – деди Ўзбекистон раҳбари.

Учинчи мамлакатлардаги истиқболли лойиҳаларда биргаликда иштирок этиш бўйича ишланмалар мавжудлиги айтилди. Шу маънода, бундай лойиҳаларни илгари суриш мақсадида ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси муваффақиятли фаолият юритаётгани таъкидланди.

Транспорт боғлиқлигини, шу жумладан, Транскаспий йўлагини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Етакчилар "яшил" энергия ишлаб чиқариш ва уни Озарбайжон орқали Европа мамлакатларига экспорт қилиш бўйича кенг кўламли минтақавий лойиҳани амалга оширишни тезлаштиришга келишиб олдилар.

Эстрада санъатининг афсонавий юлдузлари Фаррух Зокиров ва Пўлат Булбул ўғлининг юксак хизматлари эътирофи сифатида Президентлар уларга икки мамлакатнинг “халқ артисти” фахрий унвонларини беришга қарор қилдилар.

Якунда давлатимиз раҳбари озарбайжонлик ҳамкасбига таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик изҳор этди. Самарали музокаралар натижалари Ўзбекистон – Озарбайжон алоқаларини янада ривожлантиришга кучли туртки беришига ҳамда қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев икки мамлакат ишбилармонлари билан учрашув ўтказдилар.

Тадбирда Озарбайжоннинг PASHA Holding, SOCAR, SOFAZ, Agalarov Development, Silk Way Group, Matanat, Sarda Group, AzerGold, Azermash, Озарбайжон инвестиция холдинги, "Озарбайжон темир йўллари", "Алят" эркин иқтисодий зонаси ва бошқа етакчи компаниялари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Президенти ишбилармонларни самимий қутлаб, уларнинг мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтиришдаги муҳим ўрнини алоҳида таъкидлади.

– Сизлар инновацияларни дадиллик билан жорий этиб, корхоналар ва иш ўринларини яратиб, иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлаяпсиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бундай шаклда илк бор ўтказилаётган тадбир икки мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорлигида янги босқични бошлаб бериши қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари бугунги саммитнинг салмоқли натижалари ҳақида мамнуният билан сўзлади. Музокараларда ҳамкорликнинг кенг қамровли кун тартиби муҳокама қилиниб, истиқболли “ўсиш нуқталари” белгилаб олинди. Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди.

– Биз давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори босқичига чиқдик ва Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларида амалда янги саҳифа очдик, – деди Ўзбекистон раҳбари.

Музокараларнинг асосий якунлари сифатида мамлакатларимизда бизнес учун янада қулай шароитлар яратиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, биргаликда ташқи бозорларга чиқиш бўйича келишувларга эришилгани таъкидланди.

Сўнгги йилларда бу борада катта ютуқларга эришилди. Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони бир неча баробар ошди, қатор кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда, ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашди, қўшма Инвестиция компанияси самарали фаолият юритмоқда.

Президентимиз Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари томонидан эълон қилинган Иқтисодий кооперация йили доирасидаги муҳим вазифаларни амалга оширишда айнан бизнес асосий драйвер бўлиши ва ҳал қилувчи роль ўйнаши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Бу ҳамкорликнинг 20 та устувор йўналиши бўйича истиқболли лойиҳалардир.

– Биз ҳурматли Илҳом Ҳайдарович билан бир фикрдамиз: ҳамкорлик келажаги бизнесга боғлиқ, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг эртанги куни сизларга боғлиқ, – дея хулоса қилди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг самарали ва қулай фаолият юритиши учун барча зарур шароитлар яратилишини таъкидлади.

Ўз навбатида, икки мамлакатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари кўрсатилаётган эътибор учун Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентларига миннатдорлик билдириб, янги кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режалари ҳақида маълумот бердилар.

Учрашув якунида давлат раҳбарлари кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этдилар.

Тошкент шаҳрида меҳмонхона ва турар жой мажмуаларини барпо этиш, Қашқадарё вилоятида қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, Озарбайжонда тўқимачилик кластерлари ҳамда тикувчилик фабрикасини ташкил этиш ва бошқа лойиҳалар шулар жумласидан.

Президентлар ушбу лойиҳаларга старт берар экан, улар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилишини таъкидладилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев рафиқалари билан биргаликда икки мамлакат санъат усталарининг концертида иштирок этдилар.

Ўзбек ва озарбайжон халқларини умумий тарихий илдизлар, ягона дин, ўхшаш маданият ва урф-одатлар боғлаб туради.

Президентларнинг иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли халқларимиз янада яқинлашди, давлатлараро муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилди.

Ўзбекистонда ҳам, Озарбайжонда ҳам икки мамлакат маданият арбобларининг ижодига катта ҳурмат ва меҳр билан қарашади. Президентлар фармони билан афсонавий хонандалар Фаррух Зокиров ва Пўлат Булбул ўғлига "халқ артисти" фахрий унвонлари берилди.

Концерт ўзбек ва озарбайжон халқларининг кўп асрлик дўстлиги, уйғун анъана ва қадриятларини яна бир бор намоён этди.

Истеъдодли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқларда маданиятларимизнинг бойлиги ва ранг-баранглиги, шу билан бирга, муштараклиги ва ўзига хослиги мужассам бўлди.

Шу билан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари