Бухоро вилояти адлия бошқармаси ходимлари томонидан Бухоро шаҳридаги “Perfect suv” оилавий корхонаси раҳбари М.Яҳёевнинг вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маъмурий амалиёт бўлими ходими томонидан ташкилот ҳайдовчисига нисбатан асоссиз равишда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автотранспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида жорий йилнинг 6 январь куни вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маъмурий амалиёт бўлими ходими Ф.Мардонов томонидан корхона ҳайдовчиси А.Саидовга нисбатан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 7-бандини жумладан, ташкилот билан тузилган меҳнат шартномаси мавжуд бўлмаганлиги важи билан маъмурий баённома расмийлаштирган.
– Ваҳоланки, мазкур қарор билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 7-бандида механик транспорт воситасининг ҳайдовчиси юридик шахс томонидан берилган транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи йўл варақасини ёнида олиб юриши ва Ички ишлар органлари ходимлари талаб қилганда уларга текшириш учун бериши шартлиги кўрсатилган, яъни ташкилот билан тузилган меҳнат шартномаси мавжуд бўлиши талаби назарда тутилмаган, – дейди Бухоро вилояти адлия бошқармасининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва методик таъминлаш шўъбаси бошлиғи Анвар Раҳмонов. – Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддасида ҳам ташкилот билан тузилган меҳнат шартномаси мавжуд бўлмаслиги жавобгарликка сабаб бўлиши қайд этилмаган. Мазкур кодекснинг 271-моддасига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломати йўқ бўлса маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим. Шунга кўра, вилоят адлия бошқармаси томонидан юқоридаги маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш бўйича Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ЖХХ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига тақдимнома киритилди.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ЖХХ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг хати ва “Хизмат текшируви хулосаси” га асосан “Perfect suv” оилавий корхонаси ҳайдовчиси А.Саидовга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ҳамда маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор бекор қилинди. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 1-қисмига асосан иш юритувидан тугатилди ва айбдор ходимга нисбатан интизомий жазоси қўлланилди.
Зариф Комилов, ЎзА