Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига навоийлик Г.Сафарова мурожаат қилган. Г.Сафарованинг айтишича, у Навоий марказидаги корхонага мебель ясаб беришларини сўраб, 1 500 000 сўм тўлов қилади, бироқ орадан икки ой вақт ўтса-да, буюртма олиб келинмаган.
Г.Сафарова бу борада тадбиркорга бир неча маротаба мурожаат қилади, лекин корхона қуруқ ваъдалар билан фуқарони алдаб келган.
Деновлик А.Шерданов ҳам ўз уйига янги ҳисоблагич ўрнатилгач, хонадон электрдан узиб қўйилганидан шикоят қилган.
Ҳодиса ўрганилгач, электр тармоқлари ходимлари фуқаронинг эски ҳисоблагичида 500 минг сўм қарзи мавжудлигини айтади.
Аммо буни қарангки, истеъмолчининг тўлов квитанциялари ва компьютер базаси текширилганда ҳеч қандай қарз йўқлиги ойдинлашди. Натижада, қарздорлик истеъмолчи гарданидан олиб ташланиб, хонадон электр билан таъминланди.
Яна бир мурожаат, Фарғона вилояти Яйпан шаҳрида яшовчи фуқаро Д.Убайдуллаевдан келган. У маиший савдо дўконидан уч миллион сўм эвазига музлатгич сотиб олган, орадан икки ой ўтар ўтмас эса, музлатгич ишламай қолганини айтиб ўтган. Мурожаат ўрганилиб, муаммо истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА