Бугун бозор иқтисодиёти шароитида ҳар бир истеъмолчининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши рақобат муҳитининг адолатли ва шаффоф бўлишига хизмат қилади.
Шу боис, давлат идоралари томонидан корхоналар фаолиятидаги қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда.
Тошкент шаҳрида алоқа соҳасида фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъект “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг “Энергиясавдо” филиали ҳаракатларидан норози бўлиб, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мурожаат қилган.
Олиб борилган ўрганишлар давомида ҳисобга олиш ускунаси ҳудудий электр тармоқлари корхонаси томонидан уланган бўлишига қарамай, ундаги иккиламчи занжирлар нотўғри улангани аниқланди. Бу техник хатолик сабабли истеъмолчига охирги уч йил учун 1 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз тўлов ҳисобланган. Шунингдек, бу ҳолат эски таҳрирдаги қоидаларда назарда тутилмагани ва истеъмолчи кўрсаткичлари чегирилмагани маълум бўлди.
“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига кўра, устун мавқега эга субъектнинг ортиқча ҳақ олиши ёки истеъмолчилар манфаатини камситиши устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳисобланади.
Шу асосда ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва унинг “Энергиясавдо” филиалига нисбатан иш қўзғатилди. Иш якунларига кўра, истеъмолчига асоссиз ҳисобланган 1 миллиард 97 миллион сўмни қайта ҳисоб-китоб қилиш, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида бундай хатоликка йўл қўймаслик ҳақида кўрсатма берилди. Шунингдек, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Бу қарор бозор муносабатларида адолат тамойили устувор эканини яна бир бор кўрсатди. Истеъмолчи манфаатини ҳимоя қилиш — нафақат бир ташкилот ёки соҳанинг вазифаси, балки бутун жамиятнинг иқтисодий барқарорлиги ва ишонч муҳитини таъминловчи муҳим омил.
Н.Раҳмонова, ЎзА