Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асоссиз бўшатилган ходим ишга тикланди
16:50 / 2020-09-18

Иш берувчига қўйилган “банд солиш тўғрисида”ги қарорга кўра, ўз ишига тикланган чилангарнинг пластик карточкасига 22 миллион 494 минг 240 сўм пул ўтказиб берилди.


Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг қарорига асосан “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали Шеробод туманлараро бўлими авария диспетчерлик хизмати чилангари Т.Тожихонов асоссиз ишдан бўшатилгач, ўз ҳуқуқини тиклаш учун тегишли суд органига мурожаат этди.

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг қарорига асосан Т.Тожихоновни вазифасига тиклаш тўғрисидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушгач, ижро ҳаракатларига киришилган.

– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111-моддаси 1-қисмига кўра, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ноқонуний бошқа ишга ўтказилган ҳолларда у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишга тикланиши лозимлиги белгилаб қўйилган, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов. – Шунга мувофиқ давлат ижрочилари томонидан тегишли тартибда талабнома юборилиб, корхона раҳбарига мажбурият юклатилди.

Шундай қилиб, Т.Тожихонов “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали буйруғи билан ўз ишига қайта тикланди. Иш берувчига қўйилган “банд солиш тўғрисида”ги қарорга кўра, ўз ишига тикланган чилангарнинг пластик карточкасига 22 миллион 494 минг 240 сўм пул ўтказиб берилди.