English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Асосийси, бўш ётган бинолар ҳаётга қайтаяпти, халқимизга наф келтиришни бошлаяпти»
12:28 / 2021-07-05

Президент Матбуот хизматининг бугунги брифинггида 1 июль куни давлат активларини хусусийлаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши якунлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Маълумки, Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришган илк пайтлардаёқ иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, рақобатни ривожлантириш масаласини кун тартибига қўйган эди. Бу мақсад беш йиллик Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топди. Ўтган даврда бу бўйича зарур ишлар амалга оширилиб, жуда кўп бўш ётган объектлар хусусийлаштирилди. Бу ишлар кўлами ошиб бормоқда.

Брифингда қайд этилишича, сўнгги 4 йилда 3 мингдан зиёд объектлар сотилиб, 1 триллион 600 миллиард сўм тушум тушган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида 478 та давлат мулки 1 триллион 100 миллиард сўмга сотилган.

- Гап бунинг фақат маблағида эмас. Асосийси, бўш, қаровсиз ётган бинолар ҳаётга қайтаяпти, халқимизга наф келтиришни бошлаяпти. Уларнинг ўрнида янги корхоналар очилиб, одамлар иш билан таъминланяпти.

Мана, биргина мисол: охирги 5 йилда хусусийлаштирилган объектлар негизида очилган корхоналарда 53 мингдан зиёд иш ўрни пайдо бўлган, - деди Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Брифинг давомида Президентимиз мазкур йиғилишда ҳудудларда бўш турган бошқа объектларни ҳам савдога чиқариб, тадбиркорларга шароит яратиш, аукционда қатнашиш тартибларини соддалаштириш ва иштирокчилар сонини кўпайтириш бўйича топшириқлар бергани маълум қилинди.

ЎзА