Мамлакатимизда жадид маърифатпарварларининг ҳаёти ва ижтимоий фаолияти, илмий-ижодий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.
Жадидчилик ҳаракати теран илдизга эга бўлиб, олижаноб ташаббуслар ва ҳаракатлар илгари сурилган эди. Ўз замонининг илғор намояндалари бўлган жадидлар ғоят мураккаб ва қийин шароитда билим ва маърифат тарқатиш, таълим-тарбия соҳасини тубдан ислоҳ этиш орқали миллий тараққиётга эришиш ғояси билан майдонга чиқди. Албатта, бугунги кунда уларнинг гуманистик қарашлари, маънавий меросини чуқур ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғоя билан майдонга чиққан жадид боболаримиз халқларимизни жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, уларни ғафлат ботқоғидан қутқаришнинг асосий йўли – билим ва маърифатда, дунёвий тараққиётни эгаллашда, деб билдилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yhqlkx-5zYo" title="Asosiy yoʻl – bilim va maʼrifatda, dunyoviy taraqqiyotni egallashda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Фарғона давлат университети таянч докторанти Дилобар Ғофурова жадидчилик ҳаракатининг ўзига хос жиҳатлари бўйича илмий тадқиқот олиб бормоқда.
–Туркистонда жадидчилик ҳаракатларини юзага келишдаги асосий мақсад бу миллатни маърифатпарвар қилиш ва уни шу йўл билан тараққиёт йўлига олиб чиқиш эди, – дейди Д. Ғофурова. – Бу йўлда мана шу жадидчилик ҳаракатлари раҳнамоларидан Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби жуда кўплаб жадидларимиз умрлари давомида ёниб яшадилар, миллатнинг боласини, илмли қилиш, замонавий билимларни эгаллаш ва жаҳон андозаларига мос кадрлар, миллий кадрлар етиштириб чиқариш асосий вазифаси эди. Яъни қонли урушларсиз миллатни тинч йўл билан илмли, маърифатли қилиб озодликка, эркинликка, эркин ҳаётга, тараққиёт йўлига олиб чиқишни кўзлаган эдилар. Ва бу йўлда керак бўлса ўз ҳаётларини ҳам фидо қилдилар дея оламиз. Мана шу жадидчилик ҳаракати вакилларининг эркин ва фаровон ҳаёт, жамият ҳақидаги орзу умидлари бугунги кунимизда намоён бўлмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА