Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти Кенгаши раиси Назира Тоғаева иширокида корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунининг 44-моддасига мувофиқ, 2020 йил январидан касаба уюшмаларининг меҳнат инспекциялари тузилиб меҳнат техник ҳамда меҳнат қонунчилиги йўналишида меҳнат ҳуқуқ инспекторлари фаолият юрита бошлади.
– Меҳнат инспекциялари ташкил этилгунга қадар касаба уюшмалари фақат ўз аъзо корхона ва ташкилотларига кириш ваколатига эга бўлган бўлса, қонуннинг тегишли моддаси билан меҳнат инспекцияларига касаба уюшмаларига аъзо бўлмаган корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ходимларни меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколати берилди, – дейди федерация вилоят Кенгаши раиси Н.Тоғаева.
[gallery-6186]
– Шу муносабат билан меҳнат инспекторлари томонидан Миллий гвардия ҳамда Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Навоий вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда Навоий шаҳри ва туманлардаги қурилиш объектлари ва савдо шохобчалари, бозорларда бир неча бор рейдлар ўтказилди. Шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчилар томонидан “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ ходимларни тегишли равишда меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ҳамда иш давомида вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилганлик ҳолати юзасидан жамоатчилик назорати тартибида ўрганишлар олиб борилмоқда.
2021 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгашига 257 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 91 таси ёзма, 96 таси оғзаки, 16 таси электрон ва 8 таси “Ишонч телефони” орқали бўлган. Ушбу мурожаатларнинг барчаси тегишли тартибда қайд этилиб, қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилишига эришилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилоят Кенгашининг Меҳнат ҳуқуқ инспектори ва Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассислари томонидан фуқаролик ишлари бўйича судларга бугунги кунга қадар 16 та даъво ариза киритилиб, фуқаролар фойдасига 230 миллион сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарарлар ундириб берилган.
Бундан ташқари корхона ва ташкилотларга ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши бўйича бажарилиши мажбурий бўлган 20 та ёзма кўрсатма киритилган. Суд, прокуратура, солиқ органлари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат қонунчилигини қўллаш билан боғлиқ бўлган муаммоли ҳолатларига доир ёзма сўров хатларига асосан 13 та хулоса тақдим этилган.
“Навоий электро кимё” қўшма корхонаси АЖдан Миллий гвардия Навоий вилоят қўриқлаш бошқармасига иш ҳақидан мавжуд бўлган 157,2 миллион сўм қарздорликни ундиришга кўмаклашилди.
Шунингдек, 450 та корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчилар томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига оғишмай риоя қилиниши ўрганилиб, ҳар бир ишчи-ходим ушбу маблағдан кам миқдорда иш ҳақи олмаслиги лозимлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Брифингда ташкилотларда жамоа шартномаларига риоя қилиниши, ишчи-ходимлар, пенсионерлар, ёш болали оналар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёш ходимларни ижтимоий-ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА