Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси мутасаддилари иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, республикамиз ҳудудларидаги 24 та туман қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди. Ушбу туманларнинг саноат инфратузилмасини ривожлантиришга 400 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланди. Шунингдек, геологик-қидирув ишларини олиб бориш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Тармоқни янада такомиллаштириш, соҳага хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш, экспорт кўрсаткичларини ошириш ҳамда янги саноат корхоналарини ташкил этиш мақсадида 2022-2026 йилларда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди.
Унга кўра, 2026 йилга бориб тармоқ бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 42,3 триллион сўмга етказиш ва бунда юқори қўшилган қийматли маҳсулотларнинг улушини 2016 йилдаги 32,3 фоиздан 53 фоизгача етказиш белгиланган. Натижада, асосий турдаги қурилиш материалларига бўлган талаб маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлиқ қопланади. Жумладан, газобетон, иссиқлик сақловчи изоляция материаллари, қурилиш ойнаси, цемент каби маҳсулотлар бўйича ички талаб қопланиб, маҳсулотларнинг бир қисми хорижга экспортга йўналтирилади.
Соҳани ривожлантиришга 2 миллиард долларлик инвенстициялар жалб қилинади. Янги инвестиция моделини амалга ошириш натижасида 2021-2025 йилларда 4,5 миллион куб метр газобетон блоклари, гипскартон листлари – 85 миллион кв метр, темир-бетон маҳсулотлари – 8,6 млн куб метр, керамогранит – 4,5 миллион кв метр, табиий пардозбоп тош (мармар, гранит ва бошқа) маҳсулотлари – 1,9 миллион кв метр каби янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилади ва 19,5 мингта янги иш ўринлари ташкил этилади.
Ушбу даврда маҳаллийлаштирилган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилдагидан 1,7 бараварга оширилиб 1,55 триллион сўмга етказилади.
Шунингдек, 2022-2026 йилларда 7 турдаги янги инновацион қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. 2026 йилга бориб, Азбозурит ичидан 141 минг тонна асбест саралаб олинади ва асбестдан қолган 940 минг тонна чиқинди цемент учун қўшимча сифатида ишлатилади.
Маҳаллий табиий ва иккиламчи ресурслар асосида юқори сифатга эга 900 минг тонна клинкерли цемент ишлаб чиқарилади ва иссиқлик электр станцияларининг 69 миллион тонна техноген чиқиндилари (золошлак)дан фойдаланиб, 360 минг тонна янги инновацион золобетон блоклари ишлаб чиқарилади.
Маҳаллий хом ашё асосидаги энергия ва ресурс сарфини камайтирадиган 210 минг тонна янги куйдирилмасдан олинадиган боғловчи материаллар ишлаб чиқарилади. Автомобиль йўллари қурилишида қўллаш учун 648 минг тонна маҳаллий олтингугуртни қайта ишлаш асосида 420 минг куб метр модификацияланган серобетон ишлаб чиқарилади.
Дастурга кўра, 2026 йилга бориб қурилиш материалларининг экспорти 1,084 миллиард долларга ёки 2021 йилга нисбатан 2,5 бараварга оширилади. Асосий турдаги қурилиш материалларининг импорти 2020 йилга нисбатан 60 фоизга камайиб, 2026 йилда 185,6 миллион долларни ташкил этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА