Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асосий талаб – пухта режа ва ҳалол меҳнат қилишдир
15:14 / 2021-06-15

Тошкент вилояти Пискент туманида 613 нафар ёшга 25 сотихдан жами 140,5 гектар ер майдони ажратиб берилган эди.

Хусусан, 1-сектор ҳудудидаги “Майлобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 22 ёшли Сардор Ғайратов ҳарбий хизматдан қайтганидан кейин ишламаган эди. Онаси, холасию икки синглисига ўзи бош бўлган бу йигит “Ёшлар дафтари”га киритилган. Туман ҳокимлиги томонидан ажратилган ерга маккажўхори, помидор экиб, оиласи кўмагида парвариш қилмоқда. Шунингдек, ёшлар етакчиси ва Бандликка кўмаклашиш маркази ёрдами билан шартнома асосида жамоатчилик ишларига ҳам олинди.  

Шу маҳаллада яшовчи Азиз Ҳайдаралиев эса 29 ёшда. Коллежни тамомлагач, хусусий дўконларда сотувчилик қилиб юрган эди. Аммо уйланиб, оилали бўлгач тайинли бир ишнинг бошини тутиши зарурлигини англаб етди. Онаси, укаси, аёлининг яхши ҳаёт кечиришини таъминлаш учун ҳаракат қила бошлади. Деҳқончиликдан ҳалол пул топишни режа қилди. Ҳозир унинг даласида экинлар баравж  ривожланмоқда.

Бекободлик Баҳодир Нишонбоев саккиз нафар маҳалладошлари билан ер олиб деҳқончилик қилган эди. Оила аъзоларининг биргаликдаги меҳнати билан далага экилган помидор яхши ҳосил берди. Энди сотиб даромад қилиш қолди холос.

Ҳудудда “Темир дафтар”га киритилган ва кам таъминланган оила фарзандларидан 600 нафардан ортиғи бугунги кунда ўзларига ажратилган ерда ҳалол пешона тери эвазига етиштирилган ҳосилни териб, даромад топяпти. Ҳаракатда барокат, деганларидек, меҳнатда тобланган, ердан фойдаланиш тажрибасини эгаллаган ёшларга энди бунданда каттароқ имконият тақдим этилиши мумкин.  

Президентимиз раислигида 8 июнь куни қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масалалар юзасидан зарур топшириқлар берилган эди. Шу асосида энди ишсиз фуқароларга ер майдонлари 10 йил муддатга самарали фойдаланишга берилади.  

Асосий талаб – пухта режа ва ҳалол меҳнат қилишдир.

 

А.Мусаев, ЎзА