Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов раҳбарлигида 2025 йил давомида спорт соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳамда «Президент Олимпиадаси" спорт мусобақалари якунлари бўйича соҳа раҳбарларининг иштирокида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда таъкидланганидек, Президентимиз раислигида 2025 йил 13 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқларга мувофиқ олимпия спорт турлари бўйича уч босқичли "Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари" спорт мусобақаларини юқори даражада ташкил этиш ва ушбу мусобақалар ғолибларининг "Президент Олимпиадаси" финал босқичида иштирокини таъминлаш вазифалари белгиланган эди. Учрашувда ушбу мусобақаларни ўтказишдан асосий мақсад, 2028 йилда Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига спортчиларни тизимли ва мақсадли тайёрлашдан иборат экани таъкидланди.

Йиғилиш давомида спорт федерациялари фаолияти алоҳида таҳлил қилинди. Юртимизда спортни ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва зарур инфратузилма яратилганига қарамай, айрим федерациялар фаолиятида жиддий камчиликлар борлиги танқидий баҳоланди.
2025 йил кўрсаткичлари таҳлили бўйича қиличбозлик, эшкак эшиш, волейбол, спорт курашлари ва аёллар кураши, баскетбол, гандбол, регби, таэквандо (WT), велоспорт, гимнастика, футбол, бокс ва оғир атлетика федерациялари томонидан жаҳон, Осиё ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиш, юқори ўринларни қўлга киритиш ва лицензиялар олиш бўйича муайян ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, айрим спорт федерациялари фаолиятида режали иш олиб борилмаётгани, селекция, захира спортчилар тайёрлаш, мураббийлар билан ишлаш ва халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш масалалари етарли даражада ташкил этилмагани аниқланди.
Йиғилишда мутасадди раҳбарлар ва федерация раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, иш самарадорлигини ошириш ва натижага йўналтирилган тизимли ишларни йўлга қўйиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Шунингдек, спорт соҳасида шахсий масъулиятни кучайтириш, ҳар бир федерациядан аниқ натижа талаб қилиш зарурлиги қатъий таъкидланди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири