Жиззах вилояти маъмурий суди томонидан Педагогик маҳорат марказида “Конституция — қонун устуворлигининг асоси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир қатнашчилари бўлмиш марказ ходимлари Конституциянинг мазмун-моҳияти, унинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Судьялар ўз чиқишларида Асосий Қонун миллий давлатчилигимиз пойдевори экани, унда белгиланган ҳар бир норма фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини қарор топтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Шу билан бирга, Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши, юртимиздаги ислоҳотлар ва ютуқларнинг ҳуқуқий асоси сифатидаги аҳамиятига оид амалий мисоллар келтирилди.

Тадбирда Президент томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда Конституциянинг ўрни беқиёс экани қайд этилди. Чунки инсон ҳуқуқлари, шаъни ва манфаатларини энг олий қадрият сифатида белгилаб берган ушбу ҳужжат барқарор тараққиёт ва фуқаролар фаровонлигининг асосий кафолатидир.
Суҳбат якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари