English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан татбиқ этилган ҚҚСдан озод этиш бўйича имтиёзларни узайтириш таклиф этилмоқда
10:48 / 2021-12-25

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди.

Жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қизғин муҳокама қилишди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси қиш-баҳор мавсумида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва кафолатли таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан бозорни тўлдириш ва аҳоли эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси Солиқ кодексининг 1 та моддасига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи 3 та моддадан иборат бўлиб, бир қатор асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан татбиқ этилган қўшилган қиймат солиғидан озод этиш бўйича имтиёзларни 2022 йил 30 апрелга қадар узайтириш таклиф этилмоқда.

Яъни, ушбу муддатгача ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, соя данагини олиб кириш, ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва реализация қилиш бўйича айланмага, гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма ва уларни олиб кириш борасидаги имтиёзлар сақлаб қолинади.

Депутатлар томонидан барча қонун лойиҳалари партия электорати нуқтаи назаридан кўриб чиқилди ва маъқулланди.

“Адолат” СДП фракцияси йиғилишида “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда аҳолининг 65 фоизи марказлашган ичимлик суви ва 17 фоизи оқова сув хизматлари билан таъминланган. Аҳолига 72 минг км ичимлик суви ҳамда 8,6 минг км оқова сув тармоқлари орқали хизматлар кўрсатилиб келинмоқда. Лекин ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш масалалари бугунги кунга қадар ягона қонун даражасида эмас, 20дан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган. Амалдаги қонунчиликда истеъмолчиларнинг мажбуриятлари аниқ белгиланган бўлиб, сув таъминоти ташкилотларининг мажбуриятлари эса белгиланмаган. Натижада истеъмолчилар билан таъминотчилар ўртасида турли зиддиятлар вужудга келмоқда.

Қайд этилдики, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида соҳани барқарор ривожлантириш ва хизматлар сифатини оширишга мўлжалланган таъсирчан ҳуқуқий асос яратилади.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиқиб таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида ҳам “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сув таъминоти ташкилотлари фаолиятида интизомни кучайтириш орқали носозликлар оқибатида ичимлик суви исроф қилинишининг олди олинади. Шунингдек, нафақат сув таъминоти ташкилотларининг, балки истеъмолчиларнинг ҳам ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаб бериши билан аҳамиятли эканлиги эътироф этилди.

Йиғилишда кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилиб, қонун лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА