Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида Россия Федерациясидаги олий таълим тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимиз ва россиялик профессор-ўқитувчилар, амалиётчи шифокорлар, илмий изланувчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Анжуманда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳомиладорлик даврида тиббий кузатув ва патологияларни барвақт аниқлаш, замонавий диагностика ва даволаш усулларини амалиётга жорий этиш, перинатал хизмат сифатини ошириш ҳамда илмий тадқиқотлар натижаларини ўзаро алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-27824]
– Ҳомиладорлик даврида кесарча ёки ундан кейинги асоратлар айрим ҳолларда оналар ўлимига сабаб бўлади, – дейди Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Баҳодир Аллаёров. – Шу боис анжуманда россиялик ҳамкасбларимиз билан юқори хавф гуруҳига мансуб ҳомиладор аёллар билан ишлаш, заруратсиз операцияларни камайтириш, юқори технологик жарроҳлик амалиётларини биргаликда амалга ошириш ҳамда илғор тажриба ва инновацион усулларни амалиётга жорий этиш юзасидан фикр алмашдик. Мақсад она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш, туғруқдан кейинги асоратларни камайтиришдир.
Анжуман доирасида маърузалар, маҳорат дарслари, клиник ҳолатлар таҳлили ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
– Икки кун давомида бухоролик ва самарқандлик ҳамкасбларимиз билан акушер ва гинекология, неонтология ҳамда педиатрия соҳаларидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдик, – дейди Татаристон акушерлар ва гинекологлар жамияти раиси, тиббиёт фанлари доктори Илдар Фаткуллин. – Ўзбекистонга, жумладан, Самарқандга келиб, замонавий тиббиёт муассасалари ва технологияларни кўриб мамнун бўлдим. Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, юқори хавф гуруҳидаги ҳомиладор аёллар билан ишлаш борасида тажриба алмашиш, қўшма илмий-амалий анжуманлар ва тадқиқотларни йўлга қўйиш биз учун ҳам манфаатли бўлади.
Анжуман қатнашчилари Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида қўлланилаётган замонавий тиббий технологиялар билан яқиндан танишди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари