Таниқли актёр ва режиссёрлар Қашқадарё маҳаллалари ва мактабларига ташриф буюришди. Вилоятда кинофильмлар намойиши, “Менинг кино қаҳрамоним” иншолар танлови ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусига мувофиқ Қашқадарё вилоятидаги маҳаллаларда маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маънавият ва маърифат маркази ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан биргаликда режалаштирилган тадбирларда фаол иштирок этиб, “маҳаллабай” тизими доирасида ижодий учрашувлар ўтказмоқда. Ҳар бир маҳаллада "Киноклуб" ихтисослаштирилган автотранспортлари ёрдамида янги миллий фильмлар намойиши ташкил этилмоқда. Қашқадарёлик ҳамкасблар сафига республиканинг барча ҳудудларидан киноижодкорлар қўшилмоқда.
– Биз Қашқадарё вилоятининг чекка ҳудудларида, маҳалла, гузарлар, аҳоли яшаш пунктларида Кинематография агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган янги кинокартиналаримизнинг намойишларини ўтказмоқдамиз. Шунингдек, ўзбек киносининг олтин фондидан жой олган миллий фильмлар ҳам тақдим этилмоқда. Ўзбек халқи ушбу киноасарларни илиқ кутиб олишмоқда, – дейди Кинематография агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бўлим бошлиғи Фармон Розиқов.
– Бу каби тадбирлар нафақат киномухлислар, балки санъаткорлар учун ҳам катта мотивация бўлади. Яхши кинофильмларнинг тарғиботи, жонли ижодий учрашувлар, айниқса, ўзаро мулоқотлар орқали “Янги Ўзбекистон” шукуҳини ҳис этиш, мамлакатимизда бўлаётган ижодий ўзгаришларни мазмун моҳиятини янада чуқурроқ англашга замин яратади, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов.
Кеча вилоятнинг Қарши шаҳрида, Яккабоғ тумани Саховат уйида, Нишон туманида, Қарши санаториясида кўнгилочар тадбирлар, ижодий учрашувлар бўлиб ўтди. Шунингдек, Нишон туманида киноижодкорлар, ёзувчилар, зиёлилар ҳамда эстрада юлдузлари билан ёшлар ўртасида киновикториналар ва кино санъатига оид давра суҳбатлари ўтказилди. Фаол иштирокчиларга китоблар ва бошқа эсдалик совғалари тақдим этилди.
Шу билан бирга, Президентимиз ташаббуси билан 1 минг 200 дан ортиқ мактабнинг 8-11-синф ўқувчилари ўртасида “Менинг киноқаҳрамоним” мавзусида иншолар танлови ўтказилмоқда. Киноижодкорлар мактабларда намойиш этиш учун «Илҳақ», “Ўтган кунлар”, “Матонат мактаби” ва “Абдулла Орипов” фильмларини олиб келишган. Фильмларни томоша қилгандан сўнг ўқувчилар томонидан ижодий ишлар ёзилади, улар аввал туман, кейин эса вилоят босқичида баҳоланади. Ғолиблар махсус совғалар билан тақдирланади.
– Киноижодкорларга эътибор керак, халқнинг олқиши ва меҳри керак. Мана шундай тадбирларда биз ана шу меҳрни ҳис этамиз. Бугун Президент ташаббуси билан Қашқадарёга ташриф буюрдик, бу ерда бир қатор ижодкорлар билан маҳаллалардаги учрашувларда иштирок этиб, ўзбек санъати, айниқса, миллий киномизни тарғиботи билан машғул бўламиз. Бу бизга янада ғайрат ва илҳом бағишлайди, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Узоқова.
Рустам Жабборов. ЎзА