English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асосий мақсад: талабани амалиёт муҳитига олиб кириш
16:17 / 2025-12-01

Жиззах политехника институти қошида ташкил этилган Муҳандислик мактаби бугун мамлакатимизда техник мутахассисларни тайёрлашда янги босқични белгилаб, етакчи таълим марказларидан бирига айланмоқда. Бу ерда замонавий лабораториялар, ишлаб чиқариш корхоналари билан узвий ҳамкорлик, дуал таълим тизими асосий устунлардан ҳисобланади.

Институтнинг кенг ва ёруғ устахонасида талабалар автомодель каркаслари, электр ва гибрид агрегатлар, автомобиль шинаси, тормоз тизимлари ва қўшимча диагностика ускуналари билан амалиёт олиб боради. Бу замонавий ускуналар талабаларга реал иш жараёнини яқиндан ҳис қилиш имконини беради.  

Муҳандислик мактабида транспорт соҳасига ихтисослашган тўрт таълим йўналиши бўйича ўқув дастурлари янгича ёндашув билан ташкил этилган. Бу ерда 2-курсни юқори кўрсаткичлар билан тамомлаган 30 нафар иқтидорли талаба BYD заводи талаблари асосида ишлаб чиқилган замонавий ўқув платформаларида 3- ва 4-курсларда икки йиллик дуал таълим олади. Талабалар завод билан тўғридан-тўғри ҳамкорликда амалий машғулотларни ҳам ўтаб боради, бу эса уларга махсус ишга йўлланма сертификатига эга бўлиш имконини беради.

Муҳандислик мактаби фақат талабалар учун эмас, балки соҳада фаолият юритиш истагидаги ёшлар ва мутахассислар учун ҳам очиқ.  

Бу ерда малакани ошириш дастурлари, бошланғич касбий тайёргарлик курслари ва тадбиркорлар учун амалий ўқув модуллари ташкил этилган бўлиб, уларда илғор мутахассислар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг тажрибали муҳандислари фаол иштирок этади.

– Муҳандислик мактабимиз ташкил этилганидан буён талабаларда амалий билимларга бўлган талаб сезиларли даражада ортганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, – дейди Жиззах политехника институти матбуот котиби – ахборот сиёсати бўйича ректор маслаҳатчиси Жаҳонгир Тўлаков. – Мактабнинг асосий мақсади – талабани тайёр кадр сифатида иш жойига боришидан олдин амалиёт муҳитига олиб киришдан иборатдир.  

Дуал таълим тизими, BYD билан яқин ҳамкорлик, замонавий ускуналар ва амалиёт платформалари талабаларга реал муҳандислик жараёнларини эрта босқичда англаш имконини беради. Натижада битирувчилар бозор талабларига тўлиқ жавоб берадиган, етук ва рақобатбардош мутахассисга айланади.

Дарҳақиқат, ушбу Муҳандислик мактаби Жиззах вилоятининг техник кадрлар базасини бойитишда муҳим роль ўйнайди. Институт олдига қўйилган вазифа – ҳудуддаги йирик саноат корхоналари учун замонавий тафаккурга эга муҳандисларни тайёрлаш. Жамоа бу мақсадга босқичма-босқич ва изчил етиб боришни режалаштирган.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири