Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асосий мақсад – рақобатбардош кадрлар тайёрлаш
16:42 / 2023-11-22

Нордик халқаро университетида “Рақобатбардош кадрлар тайёрлашда фан – таълим – ишлаб чиқариш интеграциясини такомиллаштириш истиқболи” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Mактаб ва мактабгача таълим вазирлиги, ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси масъуллари, Финляндиянинг Карелия амалий фанлар университети раҳбарияти, нуфузли халқаро ташкилотлар ва эксперт ҳамжамияти вакиллари, фан ва жамоат арбоблари, республикамиз олий таълим муассасалари олим, мутахассислари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар бугунги кунда таълим сифатини, етиштирилаётган кадрлар ҳар жиҳатдан рақобатга тайёр бўлишини таъминлаш, методикани замон талаби асосида тубдан такомиллаштириб боришда илғор хорижий тажриба асосида миллий тажрибага янгилик киритиш, меҳнат бозорини ҳар жиҳатдан тўғри таҳлил қилиш орқали стратегик режа ва мақсадни янгилаб бориш устувор вазифа экани эътироф этилди. Шу маънода, ушбу конференция илмий аҳамиятга эга қимматли маълумотларни алмашишда қўл келади.

Карелия амалий фанлар университети ректори Петри Раиво иштирокчиларни таълим ва тадбиркорлик интеграцияси борасидаги фин тажрибаси билан таништирди.

Иштирокчилар тизимдаги ислоҳот жараёнига, педагогик олий таълим муассасаларидаги рақобатбардош кадрлар тайёрлашга оид мавжуд муаммоларга тўхталиб, қизиқарли таклифларни илгари сурди.

Халқаро конференция доирасида 3 та шўъба йиғилишида олти хил долзарб мавзу кенг таҳлил этилди. Сифатга йўналтирилган илғор хорижий методика, инклюзив таълим зарурати, тенденция ва истиқбол муҳокама қилинди.

– Бугунги анжуман дастуридан ўрин олган маърузалар орқали фан – таълим – ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга доир батафсил маълумот тақдим этилди, ўзаро билим, тажриба ва фикр алмашилди, – деди Нордик халқаро университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шерзод Мустафоқулов. – Соҳа фаоллари таълим ривожини янада жадаллаштириш, долзарб муаммоларни ўрганиш, истиқболли мақсадларни илгари суриш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришга келишиб олдилар.

Юртимиздаги олий таълим муассасаларининг 500 дан зиёд олими, 50 нафарга яқин хорижий тадқиқотчи конференция тўпламига ўз илмий мақола ва тезисларини тақдим этдилар. “Science and Innovation” халқаро илмий журнали билан ҳамкорликда анжуман доирасида нашр этилган мақола ва тезислардан дунёнинг турли нуқталаридаги тадқиқотчилар эркин фойдаланиши имкони яратилди.

[gallery-14717]

Материаллар Польшанинг “Indeks Copernikus”, Eвропанинг “Zenodo va Open Aire”, Россиянинг “Cyberlinenka”, Англиянинг “EuroPub” халқаро илмий базаларига жойлаштирилди, “Google akademiya” халқаро илмий қидирув тизимида индексланди.

Гўзал Сатторова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА