Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 3 ноябрдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсадларидан бири республикамизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, таълим жараёнини халқаро стандартларга мослаштириш, бошқарув тизимини рақамлаштириш, педагогик ва илмий салоҳиятни, таълим сифатини янада оширишдан иборатдир.

Айни пайтда Жиззах давлат педагогика университетининг жисмоний маданият факультетда 550 нафар бўлажак жисмоний тарбия ва спорт мутахассиси таҳсил олмоқда, улардан 130 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Университетимиздаги профессор-ўқитувчилар илмий салоҳияти ҳамда ўқув моддий-техника базаси бу таълим йўналишлари талабаларини юқори савияда ўқитиш имкониятлари мавжуд.
Жиззах вилоятида спорт турларини янада ривожлантириш ва юқори малакали мураббийларни етиштириб чиқаришга ҳам алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Университет жисмоний маданият факультетида 2021-2022 ўқув йилида спортнинг кураш, 2022-2023 ўқув йилида волейбол таълим йўналишлари ўз фаолиятини бошлади. Бу эса ушбу спорт турлари фаолиятини янада ривожлантиришга, спорт усталари ва мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлашга амалий ва илмий ёрдам бермоқда. Шуни ҳам қайд этиш лозимки, университетда бу таълим йўналишининг очилиши қўшни Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари учун ҳам малакали спорт тренерлари, кураш ва волейбол спорт турлари бўйича кадрлар тайёрлашга имконият яратади. Бу эса вилоятларнинг ушбу спорт турлари бўйича кадрларга бўлган эҳтиёжи қондирилишида муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, халқ таълими, ўрта махсус ва олий таълим, болалар ўсмирлар спорт мактаб(БЎСМ)лари ўқувчи-ёшларини спортнинг кураш ва волейбол турларига қизиқтириш ҳамда шу спорт турлари бўйича шаҳар, вилоят, республика терма жамоаларини етук малакали спорт усталари ва мураббийлар билан таъминлаш муҳимдир.
Факультетимизда таҳсил олган ва олаётган иқтидорли талаба-ёшлардан қатор спорт турлари бўйича жаҳон, Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари ҳамда 50 дан ортиқ Ўзбекистон ва нуфузли халқаро турнирлар ғолиб ва совриндорлари етишиб чиққан ва чиқаётганини таъкидлаб ўтиш лозим.

Жумладан, университетимиз битирувчиси Нигина ёшлар ўртасида жаҳон ва Осиё чемпионатларида, катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринни эгаллаб, 2021 йилнинг “Энг яхши ёш аёл боксчиси” сифатида эътироф этилди. Президентимизнинг фармонига асосан у “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Шу кунгача кўплаб талабаларимиз Ўзбекистон терма жамоаси сафида жаҳон ҳамда Осиё чемпионатлари иштирокчиси ва совриндори бўлди.

Волейбол бўйича ЖДПУ "Зиёкор” аёллар жамоаси 2021 йилда Ўзбекистон кубоги соҳиби, 2022 йил Қозоғистонда ўтказилган клублар ўртасида Осиё чемпионати, Ўзбекистон супер кубоги мусобақаларида муносиб иштирок этиб совриндорлар қаторидан ўрин олди. Ўзбекистон чемпионатида эса фахрли 3-ўринни қўлга киритди.
Яна бир талабамиз Комила Қўчқорова жорий йилнинг сентябр ойида Вьетнамда ўтказилган соҳил волейболи бўйича Марказий Осиё кубогида миллий терма жамоа таркибида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди, жамоа фахрли 3-ўринни қўлга киритди.

Университетимизнинг талаба қизларидан ташкил топган баскетбол жамоаси мамлакат чемпионати олий лига мусобақаларида муносиб иштирок этаётгани ҳам таҳсинга лойиқ.
Жорий йилда “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларининг республика финал босқичида ЖДПУ қизлар жамоаси спортнинг стритбол тури бўйича фахрли 3-ўринни эгаллади.
2023 йилнинг ўтган даври мобайнида кураш йўналишидаги талабаларимиздан 2 нафари ёшлар ўртасидаги жаҳон биринчилигида 3-ўринни, Ўзбекистон чемпионатларида 30 нафари олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритгани факультетда янги очилган спорт фаолияти йўналишларида таълим кўнгилдагидек йўлга қўйилаётганининг ёрқин самарасидир.

Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан соҳада халқаро талабларга мос кадрлар тайёрлаш юзасидан кўплаб ҳужжатлар қабул қилинмоқда ва уларда белгиланган вазифалар янада долзарб экани билан ҳам аҳамиятлидир. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, жорий йил 7 апрелдаги “Ўзбекистонда оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 апрельдаги “Жиззах вилоятида футболни янада ривожлантириш ва оммалаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифалар соҳада кадрлар тайёрлашга тўғридан-тўғри боғлиқ ва етук малакали футбол бўйича мутахассисларни етказиб беришни тақозо этади.
Жиззах вилоятида футбол спорт турини янада ривожлантириш ва юқори малакали тренерларни етиштириб чиқариш эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, бу соҳани янада ривожлантириш мақсадида Жиззах давлат педагогика университетида 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб спорт фаолияти (футбол) таълим йўналишига қабулни шакллантириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Бу эса Жиззах вилоятида футбол соҳасини янада ривожлантиришга, футбол спорт тури бўйича спорт усталари ва соҳа учун мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлашда амалий ёрдам беради. Бу халқ таълими, ўрта махсус ва олий таълим, спорт мактаблари, болалар ўсмирлар спорт мактаблари, футбол академиялари ўқувчи-ёшларини спортнинг футбол турига қизиқтириш ва шу спорт тури бўйича шаҳар, туман, вилоят, республика терма жамоаларини етук малакали спорт усталари ва мураббийлар билан шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Алишер Олимов,
ЖДПУ спорт турларини ўқитиш
методикаси кафедраси мудири, доцент.
ЎзА