Баъзида такси ҳайдовчилари автомобиль йўлларидаги фото ва видеокамералар кўплигидан, уларнинг айримлари тўғри ишламаслигидан ёхуд фото ва видеокамералар борлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилмаганидан нолиб қолишади. Аслида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали тезликни камайтириш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсад қилинган.
Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб бир кунда 3 мингдан ортиқ одам йўл-транспорт ҳодисаси қурбони бўлади. Республикамиз йўлларида ҳам инсон ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф солаётган ҳодисалар сони кўпайиб бораётгани, йилига бир неча минглаб йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлаётгани, энг ачинарлиси, бунинг оқибатида кўплаб инсонлар вафот этаётгани ҳаммамизга маълум. Йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарияти тезликни ошириш, ҳаракат қоидаларига риоя қилмаслик, пиёдалар ўтиш жойининг етишмаслиги, йўл белгиларининг аниқ чизиб ёки ўрнатиб қўйилмагани оқибатида рўй бермоқда.
Шу боис, юртимизда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 4 апрелда “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, амалиётга бир қатор янгиликлар жорий этилди.
Соҳада парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Раматовга “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида” парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилди. Депутатлар ушбу масала юзасидан қатор саволларни ўртага ташладилар. Жумладан, ЎзМТДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров “радар”лар масаласига алоҳида тўхталиб, уларни ўрнатишдан мақсад йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилиши ва ҳайдовчиларни жаримага тортишни мақсад қилиб олмаслиги кераклигини таъкидлади.
Бундан ташқари, халқ вакиллари ҳайдовчиларга йўлнинг қайси қисмида “радар” ўрнатилганини олдиндан билиш имконияти яратиб берилиши шартлиги, огоҳлантириш белгилари ўрнатилган тақдирдагина ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиши лозимлигини, “радар” ва фотокамера қаерда жойлашганини аниқ билмаган ҳайдовчини маъмурий жавобгарликка тортиш ноўрин эканини таъкидладилар.
Дарҳақиқат, автомобиль йўлларидаги фото ва видеокамералардан асосий мақсад ҳайдовчиларни “тузоққа тушириш”, жаримага тортиш эмас, балки тезликни камайтириш ва турли кўнгилсизликларнинг, автоҳалокатларнинг олдини олиш бўлмоғи лозим. Бунинг учун эса ушбу замонавий қурилмаларни тўғри ўрнатиш ва уларнинг ўрнатилганлиги ҳақида огоҳлантириш белгиларини жойлаштириш мақсадга мувофиқ. Бу борадаги ишлар ҳақида эса батафсил парламент сўровига бериладиган жавобда билиб оламиз.
Муҳтарама Комилова, ЎзА