Бухорода республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида “Давлат тиббий суғуртасининг афзалликлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Юртимизда оилавий бюджет учун оғирлик қилмайдиган, сифатли ва бепул тиббий хизматларни таъминлаш мақсадида Давлат тиббий суғуртаси жорий қилинмоқда. Дастлаб 2021 йилда Сирдарё вилоятида синов тариқасида жорий этилган Давлат тиббий суғуртаси, йиғилган тажриба ва таҳлиллар асосида 2024 йилда Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич ишга туширилди.
Давлат тиббий суғуртаси бу аҳолини кафолатланган бепул тиббий хизматлар билан таъминлашга қаратилган давлат дастуридир. Ушбу тизим асосида фуқароларга “Кафолатланган пакет ҳажм” доирасида шошилинч ёрдам, терапевт ва бошқа мутахассислар қабуллари, текширувлар, жарроҳлик амалиётлари, дори-дармон билан таъминлаш ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яратилади.
Бу хизматлардан фойдаланиш учун фуқаро доимий рўйхатда турган оилавий шифокор (поликлиника) орқали тиббий хизматга мурожаат қилади. Муҳими, суғурта автоматик жорий этилади, фуқаролардан ҳеч қандай ариза бадал ва бошқа тўловлар талаб этилмайди. Аммо, оилавий шифокор билан доимий алоқада бўлиш тавсия этилади. Мураккаб ҳолатларда мутахассисга электрон йўлланма берилади.

Кафолатланган тиббий пакет бу давлат маблағлари ҳисобидан бепул тиббий хизматлар рўйхати. Унга шошилинч тиббий ёрдам, биринчи босқич шифокорлик хизматлари, баъзи таҳлил ва диагностика ишлари, стационар даволаниш каби хизматлар киради.
Суғурта жорий этиладиган ҳудудларда тиббиёт муассасалари қайта жиҳозланиб, тиббиёт ходимларини малакаси оширилмоқда. Тез ёрдам, шошилинч жарроҳлик, болаларга вакцинация, аёллар саломатлиги, қандли диабет ва гипертония каби касалликларни даволаш йўлга қўйилмоқда.
Бухоро вилоятининг 2 миллион 809 минг нафардан зиёд аҳолисига 251 та, шундан 19 та вилоят даражасидаги шифохона ва диспансер, 15 та туман-шаҳар тиббиёт бирлашмалари, 102 та оилавий поликлиника, 86 та оилавий шифокорлик пунктлари ҳамда 13 та кўп тармоқли марказий поликлиника тиббий хизматлар кўрсатиб келмоқда.
Сурункали касалликларга қарши дори воситалари учун давлат томонидан харажатларни қоплаш тизими орқали аҳоли зарур дори воситалари билан электрон рецепт орқали бепул таъминланади. 2025 йилнинг ўтган даврида ҳудудлардаги 244 та бирламчи тиббий муассасаларга 342 та дорихона шартнома асосида бириктирилди. Етти турдаги касаллик учун 28 турдаги дори воситалари электрон рецепт орқали бепул тақдим этилади.
– Жорий йилнинг ўтган даврида рембурсация дастури доирасида 55 мингдан ортиқ беморга 81 мингдан ортиқ рецепт берилди, – дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Матбуот ва PR хизмати раҳбари Сайёра Шоева. – Қоплаб берилган маблағ эса 1 миллиард 563 миллион сўмдан ошди.
2025 йил давомида ихтисослаштирилган шифохоналарда суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йилнинг олти ойида 987 нафар беморга юқори технологик операциялар бажарилди. Бунинг учун давлат тиббий суғуртаси жамғармаси даволаш муассасаларига 10 миллиард 275 миллион сўм маблағ тўлаб берилди.
Анжуманда иштирокчилар томонидан берилган саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоб берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири