Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асосий бурчимиз берилган ишончни оқлашдир
13:25 / 2021-08-10

Замонамизнинг ёш қаҳрамонлари

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг ёшларга чексиз имкониятлар эшиги очилди. Ёшлар илм олди, турли танлов ва мусобақаларда тобланди. Соҳада етук кадр бўлиш учун ҳаракат қилди.  

Тошкент шаҳар, Сергели тумани ҳокимининг Молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Акмал Жумабоев ҳам шу лавозимга келгунга қадар турли лавозимларда ишлади. У таянч билимларни эгаллаб мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ёшлардан. Акмал Жумабоев ЎзА мухбирининг саволларига жавоб берди.

–30 йил ичида эришилган қайси ютуқларни алоҳида эътироф этасиз?

– Биринчи навбатда, Ўзбекистон мустақил давлат сифатида дунёнинг сиёсий харитасида ўз ўрнига эга бўлди. Шунингдек, кўп миллатли халқимиз билан биргаликда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистонда мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалар меҳнатига барҳам берилди. Марказий Осиёда энг қудратли саналган Қуролли Кучларимиз ташкил этилди. Олий таълим муассасаларига қабул квоталари оширилди, миллий ва хорижий университетлар филиаллари очилди. Валюта бозори нисбатан эркинлаштирилди, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. Давлат органлари ва халқ орасидаги бюрократик тўсиқлар босқичма-босқич камайтирилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари жорий этилди. Прописка тизими анча ислоҳ қилинди. Гендер тенглик сиёсати йўлга қўйилди.Давлат хизматлари соҳаси ташкил қилиниб, 150 га яқин хизмат турлари жорий этилди. АҚШ, Хитой, Россия, Германия, Жанубий Корея, БАА, ЕИ ва Осиё мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқалар йўлга қўйилди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, чекка қишлоқлардан тортиб овулларгача дориломон кунлар шабадалари кириб борди. Ҳавас қилса арзирли ишлар амалга оширилди. Ёшлар илм эгаллаши, ишлаши, шахсий бизнес ва тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун барча қулайлик  муҳайё этилди. Сиз бу имкониятлардан қай даражада фойдаландингиз?

–Бугунги кунга қадар эришган муваффақиятларимни юртимизнинг тинчлиги, ота-онам ҳамда устозларимнинг меҳнатлари ва албатта мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси билан боғлайман.

Биргина мисол, муддатли ҳарбий хизматга борганимда 18 ёшда эдим. Адашмасам, нафақат взводда, балки ҳарбий қисмдаги энг ёш аскарлардан бири эдим. Қуролли Кучлар тизимининг ҳам ҳарбий, ҳам мафкуравий, ҳам ижтимоий қудратини ўзимдан ўтказганман. Офицер ва сержантлар томонидан берилган умумий кўникмалар, ватан олдида қабул қилган ҳарбий қасамёдим бир йил ичида мустақил шахс сифатида шаклланишимга катта таъсир ўтказди. Ҳарбий хизматни ўташ даврида Қуролли Кучлар тизими раҳбарияти томонидан «Ҳарбий тайёргарлик аълочиси», «Ижтимоий-сиёсий тайёргарлик аълочиси», «Ҳарбий спортчи» кўкрак нишонлари, шунингдек, Президент қарори асосида берилган махсус ҳарбий тавсиянома билан оиламиз бағрига қайтдим. Тошкент автомобиль-йўллар институтининг бакалавр босқичига ҳам, магистратура босқичига ҳам давлат гранти асосида ўқишга киришим, олий таълимни имтиёзли диплом билан тамомлаб, илк меҳнат фаолиятимни олиб боришимни ҳам бевосита юқоридаги ислоҳотлар меваси деб ҳисоблайман.

Ижтимоий-сиёсий соҳаларда 10 йилга яқин фаолият юритдим, депутат бўлдим, ёшлар ташкилотларининг энг қуйи тизимида фаолиятимни бошлаб, энг юқори тизими – Республика ташкилоти марказий кенгаши раиси лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтдим. Оддий оиладан чиққан оддий бир ёш йигитнинг бу “карьера”сида ҳеч қандай «танка»лар бўлмаган деса, кўпчилик ишонмаслиги мумкин. Лекин бу ҳақиқат, жамиятда ўз ўрнимга эга бўлишимни давлатимизда ёшлар сиёсатининг тўғри йўлга қўйилганлиги билан изоҳлаган бўлардим. Инсон билим олишдан, меҳнат қилишдан, вақти келганда сабр қилиб, қийинчиликларга қарши тура олишдан ўзини чекламаслиги керак, менимча.

Бугунги кунда ўз имкониятларимни давлат бошқарув органларининг иқтисодиёт соҳасида синаб кўряпман. Бундан ташқари, молия-иқтисодиёт йўналишида фалсафа фанлари бўйича PhD доктори илмий даражасини олиш ҳаракатидаман. Насиб этса, халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш борасидаги илмий изланишларимни янада кенгайтириш мақсадларим ҳам бор.

Биласизми, ўзига ва ўзгаларга талабчанлик, билим олиш, ҳунар эгаллаш, ҳалол меҳнат қилиш орқали яратилган имкониятлардан оқилона фойдалана олган инсон жамиятда ўз ўрнини топишига ишончим комил.

– Ёш сиёсатчи, раҳбар сифатида Ўзбекистоннинг янада тараққий этиши учун яна нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

– Менинг фикримча, биринчи навбатда юртдошларимиздаги ватанпарварлик, юрт равнақига дахлдорлик ҳамда халққа, миллатга бўлган муҳаббатни «тилимиз»дан «дилимиз»га кўчиришимиз шарт.  

Энг оғриқли жиҳатларимиздан бири ҳисобланган таълим тизими ислоҳотларини чуқурлаштириш, жамиятда болаликдан билим олишга мотивация бериш, фарзанд таълим-тарбиясига инвестиция киритиш ва шунга яраша таълим сифатини ошириш механизмларини яратишимиз керак.

Мамлакатда кадрлар сиёсати, кадрларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлашга оид замонавий методикаларни амалиётга жорий этишимиз лозим.

Иқтисодий ислоҳотлар, солиқ ислоҳотларини тизимли йўлга қўйиш, инсонларнинг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича ўқитишни олий таълимда эмас, мактабгача таълим босқичидан бошлашимиз керак.

Макроиқтисодий барқарорликни таъминлашимиз, «яширин иқтисодиёт»га барҳам беришимиз, қулай инвестиция муҳитини тўлиқ шакллантиришимиз лозим.

Коррупцияга қарши барча бўғинларда бирдек қатъият билан курашиш, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, жамоатчилик назорати, бюджет шаффофлиги каби ислоҳотларни босқичма-босқич ва тизимли амалга оширишимиз зарур, деб ҳисоблайман. Энг асосийси, юқорида санаб ўтилган масалаларни «Қандай амалга оширамиз?» ва «Кимлар билан амалга оширамиз?» деган саволларга тўғри жавоб топишимиз керак.

Д. Маматова суҳбатлашди.