Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аслида ҳар мавсум табиат инжиқликлари билан курашамиз
16:32 / 2020-04-14

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида баҳорий об-ҳавонинг ўзига яраша инжиқлиги, апрель ойининг ўрталари бўлишига қарамай тўсатдан ёққан қор деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгаларини бироз хавотирга солди.


Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида баҳорий об-ҳавонинг ўзига яраша инжиқлиги, апрель ойининг ўрталари бўлишига қарамай тўсатдан ёққан қор деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгаларини бироз хавотирга солди.

Мавсумда уюшқоқлик билан экилган пахта, ғалла, турли сабзавот кўчатлари, қийғос гуллаб, энди ҳосилга кираётган мевали дарахтларга нима бўлади, деган савол кўпчиликни ўйлантиргани табиий. Бироқ миришкор деҳқонлар, тажрибали томорқа эгаларининг саъй-ҳаракатлари билан бу синовдан муваффақиятли ўтилмоқда.

Хусусан, Андижон вилояти Андижон туманда яшовчи Жамолиддин ака Тешабоев ўзининг 6 сотихли томорқасида картошка, булғор қалампири ва помидор каби сабзавот экинларини парваришлайди.

– Кутилмаганда ҳавонинг совиб кетиши айрим экинларга ўз таъсирини кўрсатмай қолмади, – дейди Жамолиддин ака. – Одатда қор ва ёмғирнинг ўсимликларга унчалик салбий таъсири йўқ, лекин ундан кейинги совуқ ҳаводан эҳтиёт бўлиш лозим. Ўша кунлари бизнинг ҳудудимизда қиров тушган эди. Шуни ҳисобга олиб экинлар устини ёпишга тўғри келди. Картошка қаторларини кўмиб чиқдик. Бу ишимиз самара берди. Умуман, кўпчилик маҳалладошларим шу каби агротехник тадбирларни амалга ошириши туфайли экинлар сақлаб қолинди.

Дарахт кўчатларига ҳам унчалик зарар етказилгани йўқ, сабаби очиқ майдонлардагина совуқ уриш кузатилади. Шу туфайли ҳовлидаги ўрик, гилос каби мевали дарахтларнинг довчаси жуда яхши ривожланмоқда.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган об-ҳавонинг совиши, қор ёғгани қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ошиб кетишига таъсир кўрсатиши ҳақидаги хабарларни ўринсиз, деб ўйлайман. Ортиқча ваҳимага ўрин йўқ. Аслида ҳар мавсум деҳқончиликда табиат инжиқликлари билан курашамиз. Унга мослашиб иш кўришга ҳаракат қиламиз.

Насиб қилса бу йил ҳам ҳосилимиз зўр бўлади.