Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ҳарбийлари ва курсантлари учун “Ҳаёт” фильми намойиш этилди.
Режиссёр Ҳилол Насимов суратга олган фильм оддий аскарлар ҳаёти ва бурчи ҳақида ҳикоя қилади. Уларнинг қариндошлари, оилалари бор. Тақдир тақозоси билан улар мутаассиблик ва очкўзлик таъсири остидаги ёвуз душманга рўбару бўлади. Улар террорчиларга қарши курашиш учун тоққа йўл олади. Фильмдаги ҳар бир қаҳрамон ҳаётий муҳим қарор қабул қилиши керак. Ҳатто ёвуз ролдагилар ҳам ўзи ва сафдоши, мафкурасига бўлган садоқати ва яқинларининг тақдири ўртасида танлов қилишга мажбур бўлади.
Фильмни намойиш этиш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси курсантларининг саволларига жавоб бериш мақсадида фильм режиссёри ва ижрочилари таклиф этилди. Ҳилол Насимов фильмни яратиш ғояси ва суратга олиш жараёни ҳақида сўзлаб берди. У курсантлар билан суҳбатда Ўзбекистон тараққиётида уларнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлаб, муҳим қарорлар қабул қилишда ватанпарварлик туйғуларига таянишликка даъват қилди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида бўлажак офицерлар таҳсил олишини қайд этиш жоиз. Улар миллий армиямиз таянчидир. Шу боис, келажагимиз асосан, уларни тайёрлаш сифатига боғлиқ.
– Ҳар қандай юқори малакали касб эгаси Қуролли Кучлар сафида ўзини синаб кўриши мумкин, - дейди Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясининг илмий взвод аскари Баҳодир Ибрагимов. – Масалан, мен иқтисодий хавфсизлик бўйича олий маълумотга эгаман. Мен эгаллаган билимлар қўшинларни моддий-техник таъминлашда қўлланилади. Хизматдошларим орасида турли касб эгалари бор. “Ҳаёт” фильми 2018 йилда катта экранга чиққан бўлсада, мен уни биринчи марта кўрдим. Юртимизда ҳам шундай сифатли ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги фильмлар суратга олинаётгани ҳамда фильм сюжети мени жуда ҳайратлантирди. Унда аскарнинг тақдири нақадар қийинлиги акс этган. Ҳарбий хизмат юки нафақат аскарнинг зиммасида, балки бу унинг яқинларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА