Аскарларни уйига қайтариш учун махсус поезд қатнови йўлга қўйилди
27 март куни муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларида ўтаб бўлган йигитларни уйларига эсон-омон етказиш учун Нукус – Тошкент йўналишида махсус поезд қатнови йўлга қўйилди.
27 март куни муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларида ўтаб бўлган йигитларни уйларига эсон-омон етказиш учун Нукус – Тошкент йўналишида махсус поезд қатнови йўлга қўйилди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.
Армия сафларида ўз йигитлик бурчини ўтаб бўлган аскарларни кузатиш маросимлари қисқартирилган тартибда ўтказилди.
Жумладан, гарнизонда жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида ўтган маросимда 900 нафарга яқин муддатли ҳарбий хизматчига намунали хизмати ҳамда Ватан олдидаги бурчни садоқат билан бажарганлари учун миннатдорлик билдирилди. Барча синовлардан муваффақиятли ўтган 250 нафардан кўпроқ аскарларга ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан ўқишга киришда имтиёз берувчи тавсияномалар топширилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан аскарларни кузатиш, поезд орқали уларни ташишни ташкил этиш жараёнида коронавирус инфекциясидан максимал даражада ҳимоялаш ва унинг тарқалишини олдини олиш мақсадида санитар-гигиеник талабларига қатъий амал қилинди. Жумладан, аскарларни Нукус – Тошкент йўналиши бўйлаб ташувларни амалга ошириш учун белгиланган 11 та вагондан иборат бўлган махсус поезднинг ташқи ва ички қисми Нукус ҳарбий госпитали ҳамда радиацион, кимёвий ва биологик ҳимояланиш бўлинмалари томонидан дезинфекция воситалари билан зарарсизлантирилди.
Уйга қайтаётган аскарлар шахсий гигиена воситалари ҳамда тиббиёт ниқоблари билан тўлиқ таъминланди.