Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аскарлар ва уларнинг ота-оналари телемулоқотда иштирок этди
15:43 / 2020-12-27

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Сурхондарё ва Самарқанд вилояти хокимликлари ҳамкорлигида Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округининг Термиз, Марказий ҳарбий округининг Самарқанд гарнизонларида муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган аскарлар ҳамда уларнинг ота-оналари, яқинлари учун телекўприк ташкил этилди.

“Ким Ватанга содиқ бўлса мендурман ўша” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топган кун ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати ўтказилган тадбир “Менинг фарзандим юрт ҳимоячиси ва армия илғори, маҳалламиз ифтихори” мавзуига бағишланди.  

Телемулоқотда Сурхондарё вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари М. Қобулова, Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник А. Жафаров, Сурхондарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Х.Юлдошев ва бошқалар сўнгги йилларда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича фикр юритди. Миллий армиямиз сафларида йигитлик бурчини шараф билан ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ота-оналарига чуқур миннатдорлик билдириб, уларни Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этди.  

Тадбирда Сурхондарё вилоятида хизмат қилаётган бир гуруҳ самарқандлик аскарлар ва Самарқанд вилоятида конституциявий бурчини ўтаётган сурхондарёлик муддатли ҳарбий хизматчилар ота-оналари, қавму-қариндошлари билан телекўприк орқали дийдор кўришиб, ўзаро суҳбатлашди. Аскарлар ҳарбий хизмат чоғида маънан ва жисмонан тобланиб, эришган ютуқлари хусусида фаҳр билан сўз юритди. Уларнинг ота-оналари ва яқинлари маҳаллаларида юз берган ўзгаришлар, оилаларидаги янгиликлар тўғрисида атрофлича маълумот берди.

­Йигит учун она тупроғини ҳимоя қилишдан юксак бурч бўлмаса керак,­дейди Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги Меҳригиё маҳалласида яшайдиган муддатли ҳарбий хизматчи Ўрол Маматов.­ Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчимни шараф билан бажараётганимдан фахрланаман. Ҳарбий хизмат мен учун ҳақиқий ҳаёт мактаби вазифасини ўтамоқда. Бу ерда кўплаб дўстлар орттирдим. Ҳарбий қисмда биз, аскарлар учун замонавий шароитлар яратилган. Бўш вақтларимизда турли китоблар мутолааси билан шуғулланамиз. Жисмонан чиниқамиз. Бугунги телекўприкда онам билан дилдан суҳбатлашиб, барча янгиликларни эшитдим. Эришаётган ютуқларимни бирма-бир гапириб бердим. Уйдагиларни соғинган эдим. Улар билан юзма-юз гурунглашгандек бўлдим.

­Ўғлим Аббосжоннинг Ватан олдидаги фарзандлик бурчини аъло даража ўтаётганидан бир умр фахрланамиз,­ дейди самарқандлик Қ.Раҳматова.­ Бугун ўғлим билан телемулоқот орқали кўришиб, ҳарбий хизматчиларга меҳрим янада ошди. Шундай тинч, тўкин юртда яшаётганимиздан фахр-ифтихор туйғум юксалди. Ўғлимизни соғинган эканмиз. Унинг ютуқларини, Сурхон воҳасидан олаётган бой таассуротларини тинглаб, жуда қувондик. Бизга бундай имкониятни яратиб берган давлатимиздан чексиз миннатдормиз.

Тадбир якунида Термиз гарнизонида хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчиларга Сурхондарё вилоят хокимлигининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

Термиз гарнизони маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоасининг озод Ватан, осуда, обод турмуш ва меҳр-муҳаббатни мадҳ этувчи кўй ­ қўшиқлари барчага байрамона кайфият улашди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА