Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аскарлар ва ўқувчилар футбол ўйнашди
17:02 / 2024-01-10

Ўзбекистон Республикаси ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Булоқбоши туманидаги ҳарбий қисм зобит ва аскарлари томонидан ҳудуддаги маҳалла, умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда ёшларни юртга садоқат, ҳарбий бурчга ҳурмат ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ватан ҳимоячилари куни олдидан ҳарбий қисм раҳбарияти, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида тумандаги 55-, 68- ихтисослашган давлат, шунингдек, 25- умумтаълим мактаблари ҳамда аскарлар жамоалари ўртасида ўтказилган мини футбол мусобақаси ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди. 

– Халқ ва армия бирлигини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий касбга бўлган қизиқишини оширишда турли тадбир ва спорт мусобақаларини ўтказиш яхши самара бермоқда, – дейди ҳарбий қисм бўлинма командирининг ўринбосари, катта лейтенант Бобуржон Олтибоев. – Жумладан, ўтказилган қизиқарли ва ўзига хос мини футбол мусобақаси ёшларда унутилмас таассуротлар қолдирди. 

[gallery-15397]

Мини футбол мусобақасида таълим муассасалари ўқувчиларидан тузилган “Мард ўғлонлар”, “Ватанпарвар”, “Ташаббускор ёшлар” ҳамда ҳарбий қисм аскарларининг “Сарҳад қўриқчилари” жамоалари иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди. 

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, 55-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг “Ватанпарвар” жамоаси барча рақибларидан устун келиб, 1-ўринни қўлга киритди. 

Ғолиб жамоа ташкилотчилар томонидан 1- даражали диплом, кубок ва махсус совға, совриндор ва иштирокчи жамоалар эса диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари