Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аскарлар тавсиянома учун тест топширди
17:11 / 2026-01-22

Самарқанд вилоятидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар олий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёз берувчи тавсиянома олиш учун тест синовлари топширмоқда.

– Тест синовлари 100 та саволдан иборат бўлиб, уларнинг асосий қисми жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликка оид, – дейди билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлими мутахассиси Самариддин Суюнов. – Шунингдек, математика ва физика фанларидан ҳам саволлар мавжуд. Тестда юқори балл тўплаб, тавсияномага эга бўлган ҳарбий хизматчилар республикамиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра ўзлари тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида, бошқа олий ўқув юртлари бакалавриатига ўқишга кириш учун эса олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Алоҳида қабул кўрсаткичлари ҳар бир олий таълим муассасасининг бакалавриатига (ҳар бир таълим шакли бўйича) ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларининг 5 фоизи миқдорида белгиланади.

[gallery-27242]

13 январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларга яна бир қатор имтиёзлар берилишини айтганди. Жумладан, аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олий ўқув юртида ўқишини бошлайди. Шунингдек, армиядан қайтиб, олий ўқув юртларида таҳсил олмоқчи бўлган ёшларга хорижий тил ва фан сертификати олиш харажатлари қоплаб берилади. Агар улар олий ўқув юртларига контрактга ўқишга кирса, фоизсиз таълим кредити ажратилади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари