Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ бошқарув аппарати Маданият саройида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида “Аскар ота-оналарини шарафлаймиз!” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида телемулоқот орқали Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда Фарғона вилоятидан келиб муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ўз ота-оналари ва яқинлари билан, шунингдек, Фарғона вилоятида хизмат қилаётган қашқадарёлик аскарлар эса Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига таклиф этилган яқинлари билан кўришиб, суҳбатлашиш имконига эга бўлди.
Телемулоқот жараёнида ота-оналар фарзандларининг хизматда тобланиб, камол топаётгани, уларнинг юз-қиёфаси ва муносабатларидаги ўзгаришлар орқали маънавий жиҳатдан улғайиб бораётганини ҳис этди. Бу ҳолат яқинлар қалбида соғинч билан бирга фахр туйғуларини ҳам уйғотди.
Самимий мулоқот давомида меҳмонлар фарзандларининг хизмат фаолияти ва яшаш шароитлари билан қизиқиб, уларга ишонч билдиришди ҳамда Ватан олдидаги бурчни сидқидилдан адо этиш зарурлигини таъкидлашди. Ҳар икки ҳудудда ҳам аскарлар ота-оналар билан самимий суҳбатлашиб, уларга эсдалик совғаларини топширди.
Қайд этилишича, мазкур тадбир иштирокчилар учун қувончли лаҳзаларни ҳадя этиш билан бирга, Ватан ҳимояси нақадар шарафли ва масъулиятли вазифа эканини яна бир бор қалбларга сингдирди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири